ТОШКЕНТ, 3 дек — Sputnik. Тошкентдаги “Анҳор-Локомотив” паркининг марказий ҳудудида “Асал байрами" бўлиб ўтмоқда. Бу ҳақида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги хабар берди.
"Асал байрами"да республиканинг барча ҳудудларидан 400 дан ортиқ асаларичилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи субъектлар ҳамда қўшни давлатлардан келган асал етиштирувчилар иштирок этишмоқда.
"Улар орасида Россия Федерацияси, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистондан келган вакиллар бор. Улар асалнинг 10 дан ортиқ тури ва асаларичилик маҳсулотларини намойиш этишмоқда", — дейилади хабарда.
Айтилишича, сўнгги 5 йил ичида асал ишлаб чиқариш 17 минг тоннадан 35 минг тоннага етказилди. Асаларичилик билан шуғулланадиган субъектлар сони ҳам бугунги кунга келиб 40 мингдан зиёдни ташкил этади.
"Ҳақиқий асалдан татиб кўриш ва тоғ асали ҳамда бошқа ўсимликлар гулларидан олинган асалларнинг бир-биридан ўзгача таъмини ҳис қилмоқчи бўлсангиз "Асал байрами"га ташриф буюринг", — дея қўшимча қилинган хабарда.
Асал байрами 10 декабрга қадар давом этади.
Эслатиб ўтамиз, октябрь ойида Наманганда “Халқаро Асал фестивали” ўтказилган эди. Унда Қирғизистон, Қозоғистон республикалари, Россия Федерациясидан жами 100 дан ортиқ асаларичилик билан шуғулланиб келаётган тадбиркорлар ва экспертлар иштирок этган.