ТОШКЕНТ, 3 дек — Sputnik. Ўзбекистон ва Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) ҳайдовчилик гувоҳномаларини ўзаро тан олишга келишиб олди. Бу ҳақида Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги хабар берди.
Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов Абу-Даби шаҳрида БАА Бош вазири ўринбосари — Ички ишлар вазири Шайх Сайф бин Зоид Ол Наҳаён билан учрашди.
“Ташриф доирасида “Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Бирлашган Араб Амирликлари Ҳукумати ўртасида ҳайдовчилик гувоҳномаларини ўзаро тан олиш ва алмашиш тўғрисида”ги Англашув меморандуми икки давлат ички ишлар вазирлари томонидан имзоланди”, — дейилади хабарда.
Мазкур меморандумнинг кучга кириши билан ҳар икки давлат фуқаролари ўзларининг миллий ҳайдовчилик гувоҳномалари билан иккинчи томон давлатининг ҳудудига ташриф буюрган даврда транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқига эга бўлишади. Узоқ муддатга яшаш учун келганлар бундан мустасно.
Шунингдек, БАА резиденти бўлган (узоқ муддат яшаш ҳуқуқини олганлар) миллий ҳайдовчилик гувоҳномасига эга Ўзбекистон фуқаролари эса Амирликлар ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш вақтида тегишли назарий ва амалий синовларни топширишдан озод қилиниши кўзда тутилган.
“Ҳужжат 2024 йилнинг 27 январь кунидан кучга кириши белгиланган”, — дея қўшимча қилинган хабарда.
Учрашувда шунингдек, томонлар трансмиллий уюшган жиноятчилик, терроризм, экстремизм, одам савдоси ва кибержиноятларга қарши биргаликда курашиш, мазкур йўналишларда ходимларнинг малакасини ошириш ва ўзаро тажриба алмашишни муҳокама қилишди.