ТОШКЕНТ, 2 дек — Sputnik. Ўзбекистон Бош консуллиги дипломатлари Қирғизистон президентининг Ўш вилоятидаги ваколатли вакили Эльчибек Джантаев билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда "Дунё" АА хабар берди.
Қирғиз томонидан учрашувда, шунингдек, Қирғизистон президентининг Ўш вилоятидаги ваколатли вакили ўринбосари Зарлик Тургунбаев ва Ташқи ишлар вазирлигининг Жанубий вилоятлардаги ваколатхонаси раҳбари Мээримбек Апишев иштирок этди.
Эльчибек Джантаев сўнгги йилларда икки дўст мамлакат ўртасида ҳамкорлик барча жабҳаларда изчил ривожланиб бораётганини мамнуният билан қайд этди. Бунда икки давлат раҳбарларининг қатъий иродалари, тизимли саъй-ҳаракатлари ва улар ўртасида шаклланган дўстона ва ишончли муносабатлар муҳим аҳамият касб этаётгани алоҳида урғуланди.
Қирғизистон томони икки давлат раҳбарлари ташаббуслари билан чегара муаммолари барҳам топгани, фуқароларнинг икки давлат чегараларида эмин-эркин ҳаракатлари таъминлангани, қўшимча чегара-ўтиш пунктлари очилгани натижасида икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар фаол ривожланиб бораётганини эътироф этди.
Суҳбат давомида Ўзбекистон президентининг Қирғизистонга давлат ташрифи доирасида имзоланган Ўш ва Андижон вилоятлари ўртасида 2023-2025 йилларда ҳамкорликни ривожлантириш комплекс дастури ("Йўл харитаси") вазифаларини амалий амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди ва истиқболдаги ишлар белгилаб олинди.
Учрашув якунида Ўш вилояти делегациясининг Андижон вилоятига ташрифини ташкил этиш ва сафар доирасида икки томон ишбилармон доира вакиллари иштирокида бизнес-форум ўтказиш тўғрисида келишиб олинди.