Ўзбекистон сувни тежаш бўйича фавқулодда иш тизимига ўтмоқда

2030 йилга бориб Ўзбекистонда сув танқислиги 15 млрд куб метрга етиши прогноз қилинмоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 30 ноя — Sputnik. Ўзбекистонда сув йўқотишлари оқибатида иқтисодиётда йилига 5 миллиард доллар даромад бой берилмоқда. Бу ҳақида президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.
Қайд этилишича, сув ресурсларининг 20 фоизи мамлакатда, катта қисми қўшни давлатларда шаклланади.
“Иқлим ўзгариши оқибатида сув манбалари йил сайин камайиб бормоқда. Трансчегаравий дарёларни бошқариш бўйича вазият ҳам жиддий. Буларнинг таъсирида 2030 йилга бориб юртимиздаги сув танқислиги 15 миллиард куб метрга етиши прогноз қилинаяпти”, — дейилади хабарда.
Республикадаги жами сув ресурсининг 90 фоизи қишлоқ хўжалигида сарфланмоқда. Масалан, бир гектар пахта майдонини суғориш учун йилига 10-11 минг кубметр сув сарфланади. Иқлими ва ери Ўзбекистонникига ўхшаш мамлакатларда бундан 2-3 баравар кам сув ишлатилаяпти.
“Сув хўжалигига ҳар йили ўртача 1 миллиард доллар маблағ йўналтирилмоқда. Бу соҳа бюджетдан маблағ олиш бўйича таълим, соғлиқни сақлаш ва қишлоқ хўжалигидан кейин 4-ўринда туради”, — дея қайд этилди йиғилишда.
Давлат раҳбари бир йил давомида сувни тежаш бўйича фавқулодда иш тизимига ўтилишини таъкидлади.

Биринчи муҳим вазифа – канал ва ариқларни бетонлаш.

Бетонланмаган ирригация тармоқларида йилига ўртача 14 миллиард куб метр ёки 36 фоиз сув ҳеч қандай иқтисодий самарасиз исроф бўлаяпти. Энг кўп сув йўқотишлари Қорақалпоғистон Республикаси, Наманган, Навоий, Хоразм ва Бухоро вилоятларига тўғри келади. Каналларнинг охирида жойлашган 175 минг гектар экин майдонида сув таъминоти жуда оғир.
Умуман, сув йўқотишлари оқибатида иқтисодиётимизда йилига 5 миллиард доллар даромад бой берилаяпти.
“Шу боис сув хўжалигида “каналларни бетонлаш бўйича зарбдор йил” эълон қилинди. Келгуси йилда 1 минг 500 километр, яъни бу йилгига нисбатан 4 баробар кўп йирик каналларни бетонлаш вазифаси белгиланди. 2025 йилдан бошлаб камида 2 минг километрдан каналларни бетонлашга ўтилади”, – дейилган хабарда.
Қайд этилишича, бунинг учун ноябрь-март ойлари энг қулай вақт.
Вилоят ва туман ҳокимларига бир йил ичида 3 минг 500 километр ички тармоқларни бетон қопламага ўтказиш топширилди. Бундан манфаатдор кластер ва фермерларга махсус техника ва қурилиш материалларидан ёрдамлашиб, харажатларни 2 карра камайтириш мумкинлиги айтилди.

Иккинчи муҳим вазифа – сув тежовчи технологияларни жорий қилиш.

Мамлакатда 4,3 миллион гектар суғориладиган ер бўлиб, шундан 30 фоизига сув тежовчи технологиялар жорий қилинган. Бундай кластер ва фермер хўжаликларида сув 30-40 фоизга, ўғит ва ёқилғи 25-30 фоизга тежалиши билан бирга ҳосилдорлик ошган.
Лекин, сув етказиш таннархи жуда қиммат бўлган Қашқадарёда бундай усулда суғориладиган ерлар атиги 16 фоизни ташкил этади. Сув тежашда энг содда агротехник тадбир бўлган ерни лазерли текислаш ишлари ҳам етарли эмас. Бундай майдонлар Қашқадарё, Самарқанд ва Тошкент вилоятларида 10 фоиздан кам.
“Кластер ва фермерларга сув тежовчи технологияларни жорий қилиш учун икки йиллик имтиёзли давр билан беш йилга 14 фоизли кредит ажратилади. Бунинг учун очиқ-ошкора платформа ишга туширилади. Ҳам банк билан, ҳам таъминотчилар билан шартнома электрон платформа орқали онлайн имзоланади”, – дейилган хабарда.
Сув тежаш жорий этилган майдонларни ҳар йили кенгайтириб бориш, Туркия, Испания ва Хитойнинг бу бўйича тажрибасини ўрганиш муҳимлиги таъкидланди.
Келгуси уч йилда ҳам қишлоқ хўжалиги техникасининг 15 фоизи ва лазерли текислагичнинг 30 фоизини субсидиялаш амалиёти давом эттирилади. 2026 йилгача ҳамма экин ерлари лазерли текисланади. 2026 йилдан кейин лазерли текисланмаган ерларга нисбатан ер ва сув солиқлари кескин оширилади.

Учинчи муҳим вазифа – сувни етказиш харажатларини қисқартириш.

Бугунги кунда кластер ва фермерларга етказиб берилаётган ҳар 1 кубметр сувга ўртача 212 сўм харажат қилинаяпти. Лекин Бухоро, Қашқадарё ва Наманганда бу 2-3 баробар қиммат.
Шу билан бирга, сув харажатининг 63 фоизи насос станциялари ҳиссасига тўғри келади. Хусусан, суғориш учун йилига 7 миллиард киловатт соат электр энергияси сарфланади. Чунки сув насосларининг 80 фоизи эскирган, энергия сарфи юқори.

“Давлат раҳбари бу харажатларни камайтириш ва самарадорликни оширишнинг энг тўғри йўли – насосларни модернизация қилиш ва уларни бошқаришни хусусий шерикликка бериш эканини таъкидлади”, – дея таъкидланган хабарда.

Халқаро молия ташкилотлари иштирокида 95 та насос станциясини янгилаш, келгуси йил бошида яна 118 таси бўйича тендер эълон қилиш вазифаси қўйилди.
Шу билан бирга, хорижий компаниялар 268 та насосни бошқарувга олиш ташаббусини билдирган.
Умуман, ушбу чоралар орқали келгуси йили насосларнинг электр сарфини 300 миллион киловатт соатга, кейинги уч йилда эса 1,5 миллиард киловатт соатга камайтириш мумкинлиги кўрсатиб ўтилди.
Ўзбекистон сув ресурсларининг катта қисми апрель ойида тўпланишни бошлайди — мутахассис