Тиллар ўртасида сўз олди-бердиси тил бойишининг асосий омилларидан биридир. Ўзбек тили луғат бойлигининг салмоқли қисми туб туркий ва соф ўзбекча сўзлар бўлса, яна анча қисми турли даврларда бошқа тиллардан ўзлаштирилган.
Э.Бегматовнинг бундан 40-50 йил аввал чоп этилган “Ўзбек тилининг лексик қатламларни” китобида тилимиздаги ўз ва ўзлашма қатлам сўзларининг маънолари, қайси тилдан олинганлиги, сўзлардаги маъновий ўзгаришлар жуда изчил ёритилган эди. Шундан бери ҳам тилимизда яна анча-мунча ўзгаришлар рўй берди: янги сўзлар кириб келди, маъновий янгиланишлар содир бўлди.
Шунинг учун ҳам фан сўз ўзлаштириш, ўзлаштиришдан кейин сўз семантикасида юз берадиган ўзгаришларни ўрганишга эҳтиёж сезади.
ХХ асрнинг биринчи ярмидаёқ ўзбек тилига самовар сўзи ўзлашган. Рус тилида “само” (ўз, ўзи) ва “варить” (қайнамоқ) сўзларининг қўшилишидан ясалган бу сўзнинг маъноси “сув қайнатиб берадиган уй-рўзғор буюми”дир. Ўзбек тилига ҳам шу маънода ўзлашган ва тилимизнинг муайян босқичида ўзиқайнар ҳам дейилган. Масалан, қуйидаги мисолда шу уй-рўзғор буюмини ифодалаш учун қўлланган: Мирёқуб курсини яқинроқ жилдирди, чиройли бир чинаёққа самовардан қуюққина чой қуйгач, чинаёқ ликопчасига иккита конфет олиб қўйди. (Чўлпон, Кеча ва кундуз)
Ўзбек тилида ҳам маълум муддат “чой қайнатиб ичиладиган буюм” маъносида қўллангач, маъно тараққиётига учраган, яъни самовар сўзида “чойхона” деган маъно ҳосил бўлган. Масалан: – Мулла Абдисаматдек амалдор йўқ! – деб давом этди Умаралибой. – Акбарали одамми? Сипоми? Амалдорми? Унинг ўрнида мен бўлсам, гузардаги самоварларни тақа-тақ беркитдирардим. Ҳамма бенамоз шу ерга йиғилади. (Чўлпон, Кеча ва кундуз)
Ушбу маъно тилшунослар синекдоха усулида маъно кўчиши дейдиган лисоний ҳодисани юзага келтирган. Бундай маъно кўчишига самоварнинг чойхонадаги асосий буюм, чойхонанинг ажралмас қисми эканлиги сабаб бўлган. Бу буюм чойхона билан шу даражада яқин тасаввур қилиниб кетганидан одамлар чойхонадаги ана шу зарурий қисм билан чойхонанинг ўзини атаб қўя қолган. Ва бундай кўчириш тўла ўзини оқлаганини бугун ҳам самовар сўзи "чойхона" маъносида қўлланаётгани деб билиш мумкин. Демак, самовар сўзи ўзбек тилига ўзлашгандан кейин маъно таркибини кенгайтирган ва иккинчи ҳаётини бошлаган.
Ўзбек тилига қабул қилинганига жуда кўп бўлган сўзлардан яна бири каравот бўлиб, у тилимизда маъно қамровини кенгайтириб, халқ нутқига чуқур сингиб кетган. Рус тилида “кроват” деб ёзиладиган бу сўз фақат “тўрт оёқли, устига кўрпа-тўшак солиб ётиладиган уй-рўзғор анжоми” маъносини англатган. Ўзбек халқи ҳам уни аввал шу маънода қабул қилган. Шу маънода маълум муддат ишлатилган. Масалан: Полина кирди. Қўлтиғидаги чойшаб ва адёлларни бурчакдаги бўш каравот четига қўйиб, бирин-кетин ёзди. (Шукур Холмирзаев, Бодом қишда гуллади)
Нутқда мунтазам қўлланиши натижасида бу сўз ҳам маъно тараққиётига учраган. Натижада, “устига кўпчилик бўлиб ўтириш, ётиш учун махсус ясалган, ёз кунлари чойхона, ҳовли ва бошқа жойларга қўйиладиган қурилма, сўри” маъносига эга бўлган. Масалан: Қишлоқ. Оддий, камтарона ҳовли. Тўғрида бир неча устунли пешайвон, ўнгда пастаккина кўча эшиги, олдинроқда ёғоч каравот. (Шароф Бошбеков, Темир хотин) Каравот сўзининг бу маъноси тилшунослар вазифадошлик деб ҳисоблайдиган маъно кўчиш усули билан юзага келган. Яъни каравот сўзи “сўри” маъносида ҳам ўтириш, ётиш учун мўлжалланган буюм вазифасини бажарадиган буюмни билдирадиган бўлган.
Ўзбек тилига рус тилидан сўз олишда ўзбекча талаффузга мослаб, ўзбекнинг тили айланадиган шаклда ўзлаштирилган яна бир қанча сўзлар бор. Масалан, картофель– картошка, помидор– памилдори, клубника– қулупнай, косяки– кесаки, шавель– шовул, целковый– сўлкавой, червонец (10 рубль) – червон, волость– бўлис, конфорка– кампирак, калоши– калиш кабилар ўзбекча талаффузни ҳисобга олиб ўзлаштирилганлиги сабабли уларнинг русча эканлиги сезилмайдиган бўлиб кетган. Бугун бирор ўзбекка қулупнай, кесаки, кампирак, калиш сўзларининг асли рус тилидан келиб чиққанлигини айтсангиз, ўлақолса ишонмайди.
Ўзбек тилида фаол ишлатилаётган пудрат сўзи ҳам рус тилидан ўзлаштирилганини тилшунос бўлмаган одам билмаса керак, чунки ўзбек тилининг товуш табиатига мослаб адабий тилга қабул қилинган. У рус тилида “подряд” шаклида “бирор ишни, масалан, уй қуришни байлаб (пулини келишиб) олиб бажариш” маъносида қўлланади.
Ўзбек тилига ҳам ана шу маъносида, аммо ўзбекча талаффузга мувофиқлаштириб ўзлаштирилган. Худди шу жиҳати сўзни ўзбек тилига чуқур сингиб кетишини таъминлаган. Кейинчалик “подрядчик” шаклидаги сўз пудратчи деб калкалаб олинди. Ҳар икки ҳолатда ҳам ўзбек тили ютган, чет сўзни ўзиники қилиб олган.
Хорижий сўзларни олаётганда миллий талаффузимизга мослаштиришдек тутум - халқимиз қадимдан ўрганган одат эди. Хусусан, араб тилидаги “муслимун” сўзини мусулмон, “китабун” сўзини китоб шаклида қабул қилганлигимиз учун уларнинг арабчалиги сезилмай кетган. Лекин, афсуски, ҳозирги кунда чет тилларда қандай ёзилган бўлса, шундайлигича сўз олиш амалиёти фаоллашган. Миллий тилнинг талаффуз имкониятлари ҳисобга олингани йўқ. Қараб турсак, чет сўзлар оқими тўхтайдиганга ўхшамайди.
Энди уларни қайси сўз билан алмаштириш лозимлиги ҳақида қайғурмоқдамиз. Кейинги йигирма йилнинг бадалида бирда чет сўзга ўчлик, бирда модага эргашиб анча-мунча хорижий сўзлар ўзбек тилига кириб келди. Ўзбек тили эгаларида бундай сўзларни алмаштириш ёки миллий талаффуз тарзимизга мослаб олишга ундайдиган иммунитет йўқолди. Бундай ачинарли ҳолатнинг сабабларини тилдан излаш билан вазият ўзгармайди, балки ўзбек тили эгалари нега шундай йўл тутмоқда, нега чет сўзга ўчлик кайфияти пайдо бўлди, нега тилимизнинг ички иммунитети ишдан чиқди, мана шуларнинг сабабини аниқлаш ва таъсир чораларини кўриш зарур.
Ҳозирги кунда чет сўзни айнан олаётган ёки қўллаётганларда ўша хорижий сўз маъносини “ўз қатлам сўзи ифодалаб бера олмайди” деган тушунча шаклланиб бўлган. Шундай ўйни кетказиш тадбирини қилиш керак. Иккинчидан, чет сўзга ўчлик, модага эргашишдек кайфият билан иш кўраётган кишиларга хориж сўзларининг кўпайиб кетиши тилмизнинг миллий тароватини хиралаштиришини тушунтириш лозим.
Учинчидан, чет сўзни айнан олишнинг барқарорлашуви она тилининг ички имкониятларидан фойдаланиш механизмларини ишдан чиқаради, тил эгаларида она тилидан муқобилини топиш лаёқати йўқолади. Аксинча йўл тутилганда эса тилнинг ички имкониятлари кенгаяди.
Чет сўзга миллий тилдан муқобил топиб улгурилмаганда, ўша сўзни миллий талаффуз тарзига мослаштириб ёзиш чорасини кўриш керак. Ўзбек тилида талаффузи ва ёзилиши жиддий фарқланадиган ўзлашма сўзларнинг кўплигига ўзбекона талаффузга мувофиқлаштирмай олганимиз сабаб бўлган.
Ўзбек тилига янги тушунчалар билан кириб келиши кутилаётган чет сўзларни хорижий сўз тилга сингиб кетмасидан аввал ўзбекча муқобиллари билан дадил алмаштиравериш лозим. Миллий муқобилларни татбиқ қилишда оммавий ахборот воситаларидан унумли фойдаланиш яхши натижа беради. Мавзу, маъруза, муҳаррир, таҳририят, режа сингари сўзлар ўрнида узоқ йиллар бошқа тил сўзлари ишлатилиб келган бўлса-да, ОАВ миллий муқобилларни тилимизга сингдиришга ҳисса қўшди.
Айтиб ўтилган муаммоларга барҳам бериш тил эгаларида тил маънавиятини шакллантириш, лисоний иммунитетни ҳосил қилиш билан бўлади.