Энди Ҳаж зиёратига бориш учун навбатда турган фуқаролар рўйхати очиқ эълон қилинади

1 декабрдан бошлаб “Ҳаж” тадбирига бориш учун навбатда турган зиёратчилар маълумотлари очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 28 ноя — Sputnik. Энди Ҳаж тадбирига бориш учун навбатда турган зиёратчиларнинг ягона онлайн навбати тўғрисидаги маълумотлар эълон қилиб борилади. Бу ҳақида президент томонидан имзоланган тегишли фармонда назарда тутилган.
Ҳужжат коррупцияни олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида олиб борилаётган ишларнинг натижадорлигини ошириш, муҳим ижтимоий масалаларга оид очиқ маълумотлар кўламини янада кенгайтириш, улардан тўсиқларсиз фойдаланишни таъминлаш, шунингдек, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида қабул қилинди.
Унга кўра, шу йил 1 декабрдан бошлаб ҳудудлар кесимида Ҳаж тадбирига бориш учун навбатда турган зиёратчиларнинг ягона онлайн навбати тўғрисидаги маълумотлар очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилади.
Рўйхатдан зиёратга борувчи шахснинг аризаси навбатга қўйилган сана ва рўйхатдаги тартиб рақами жой олади.
Маълумот учун, Ҳаж тадбирига бориш учун навбатда турган зиёратчиларнинг ягона онлайн навбати тўғрисидаги маълумотларни очиқ эълон қилиниши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар рўйхатига киритиш таклифи Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан илгари сурилган.
Ҳаж визаси кимларга берилади — Диний қўмита фирибгарларга алданиб қолмасликни сўради