ТОШКЕНТ, 28 ноя— Sputnik. Евроосиё иқтисодий иттифоқида (ЕОИИ) ишчи кучининг эркин ҳаракатланишини таъминлаш вазифаси катта даражада ҳал қилинди, деди Евроосиё иқтисодий комиссияси (ЕИК )ҳайъати раиси Михаил Мясникович.
ЕИК Ҳайъати раҳбарининг сўзларига кўра, умумий меҳнат бозорини шакллантириш ЕОИИнинг тўрт асосий "эркинликлари"дан бири эди.
"ЕОИИ фуқаролари учун меҳнат бозорига кириш бўйича чекловлар олиб ташланди, улар 30 кун давомида рўйхатдан ўтишдан озод қилинди ва таълим ҳужжатлари ўзаро тан олинмоқда", — деди Мясникович.
Ҳайъат раиси "Внешэкономбанк" баҳосига асосан хабар қилишига кўра, умумий меҳнат бозори ЕОИИ шартномасида белгиланганидан 70 %дан кўпроқ даржада, товарлар бозори – 65%, хизматлар - 45%, капитал - тахминан 40%га шакллантирилган.
Шу билан бирга, ЕИК раиси ЕОИИ ҳудудида ягона профессионал стандартлар йўқлиги ва бунинг оқибатида келиб чиқаётган муаммолар ҳақида гапирди.
“ЕОИИ, ҳатто МДҲда ҳам таълим соҳасида меъёрлар унификацияси йўқ. Бу соҳа ЕОИИ кун тартибига кирмайди. Биз бу муаммони кўриб турибмиз ва уни ҳал қилишга ҳаракат қилмоқдамиз, аммо Комиссиянинг саъй-ҳаракатлари ҳали муваффақиятли бўлмади. Вазият ёмонлашмоқда, мутахассислар тайёрлаш шартларидаги тафовутлар кучаймоқда ва агар муаммо юқори савияда ҳал этилмаса, "ўзимизники/бегона" муаммоси пайдо бўлиши мумкин. Бу эса қабул қилиб бўлмайдиган ҳолат”, - деди Мяснкович.
ЕИК раиси кўтариб чиққан муаммолардан яна бири бу рақамли иқтисодиёт шароитида бандлик масаласи бўлди. Мясникович фрилансерлар, масофавий ишловчи ходимлар фаолиятини тартибга солиш ҳақида тўхталиб ўтди.
“Бандликнинг ушбу янги шакллари анъанавийларга қараганда тезроқ, қонунчилик базасига қараганда фаолроқ ривожланмоқда. Ҳуқуқий тартибга солишнинг йўқлиги фаолият турларининг "сояга" тушиб қолиши, меҳнат муносабатларининг барча томонлари учун хавфлар яратади. Ушбу турдаги бандлик ишчилари меҳнат қонунчилигининг барча стандартлари билан қамраб олиниши жуда муҳим", - деди Мясникович.
Ушбу муаммоларни ҳал қилиш учун ҳайъат раиси ЕИКка тегишли ваколатларни беришни сўради “Чегарасиз иш” рақамли платформаси ҳақида ҳикоя қилиб берди.
Комиссия томонидан жорий этилган “Чегарасиз иш” рақамли дастури ишга жойлашиш бўйича хизматларнинг тўлиқ спектрини, шу жумладан, масофадан туриб ҳам ишга жойлашиш имконини беради. Бугунги кунда тизимда 171 мингдан ортиқ фойдаланувчи томонидан 643 мингдан ортиқ мурожаатлар амалга оширилган.
Мясниковичнинг сўзларига кўра, ишчилар ва уларнинг оила аъзоларининг ижтимоий ҳимоя тизимидан ва иш билан таъминланган ҳолатда тиббий ёрдамдан фойдаланишини осонлаштириш учун шароит яратиш жуда муҳимдир.