“Қонун билан учувчисиз учиш аппаратларини олиб кириш қатъиян тақиқланади. Масалан, фото ва видеоматериаллар тайёрлаш учун хорижий ижодий жамоалар ва киноижодкорлар томонидан дронларни вақтинча олиб кириш, сақлаш ва фойдаланишга рухсатнома Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг сўровига асосан Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Фуқаро авиацияси агентлиги, шунингдек, “Ўзбекистон маданий мероси” халқаро лойиҳаси томонидан берилади” ,– дея тушунтирди Божхона қўмитаси матбуот хизмати бош инспектори Азиза Заирова.
Тақиқни бузганлик учун жавобгарлик Ўзбекистон Жиноят кодексида белгиланган.
Шундай қилиб, 244⁴-модда учувчисиз учиш аппаратларини ноқонуний олиб кириш, сотиш, сотиб олиш, сақлаш ёки улардан фойдаланиш 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазони назарда тутади.
Ўша ҳаракатлар:
— такроран ёки хавфли рецидивист томонидан;
— шахснинг ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб;
— бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса;
— баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказилишига сабаб бўлса, — 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша ҳаракатлар одам ўлишига сабаб бўлса, — 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Шу билан бирга, қонунда жисмоний ёки юридик шахс учувчисиз учиш аппаратлари, улар учун бутловчи қисмлар ва эҳтиёт қисмлар ихтиёрий равишда топширилган тақдирда жавобгарликдан озод этилиши назарда тутилган.
248¹-моддасига кўра, учувчисиз учиш аппаратларини сақлаш, улардан фойдаланиш ёки бошқа шахсларга бериш тартибини бузиш, шунингдек улардан нотўғри фойдаланиш уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша ҳаракатлар такроран ёки хавфли рецидивист томонидан, мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш йўли билан, бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса, баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказилишига сабаб бўлса, — уч йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша ҳаракатлар одам ўлишига сабаб бўлса, 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша ҳаракатлар одамлар ўлимига, ҳалокатга. бошқа оғир оқибатларга сабаб бўлса, — 8 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.