ТОШКЕНТ, 27 ноя — Sputnik. МДҲ Ижроия қўмитасининг “Чегара билмас кино” махсус мукофоти ўзбек кинорежиссёри Ёлқин Тўйчиевнинг “Эволюция” (“Эврилиш”) фильмига топширилди. Бу ҳақида халқаро кинофестиваль матбуот хизмати хабар берди.
Минск шаҳрида 17—24 ноябрь кунлари XXIX халқаро “Лiстапад” кинофестивали бўлиб ўтди. Бу йил фестивалга 107 та давлатдан 2087 та ариза келиб тушган.
Фестиваль доирасида Ўзбек киноси куни бўлиб ўтди.
Тақдирлаш маросимида сўзга чиққан МДҲ бош котибининг биринчи ўринбосари Леонид Анфимов “Эволюция” (Эврилиш) фильми ҳаёт шароити ва синовларидан қатъи назар, инсонпарварлик, меҳр-оқибат, дўстлик туйғуларини асраб-авайлаш, ўз яқинларига, она юртга муҳаббат туйғуларини асраш муҳимлигини томошабинга эслатишини таъкидлаб ўтди.
Шунингдек, ўзбекистонлик режиссёр Фарҳод Маҳмудовнинг “Парининг совғаси” фильми “Беларусь кинематографчилар уюшмаси” жамоат бирлашмасининг махсус дипломига сазовор бўлди.