ТОШКЕНТ, 24 ноя – Sputnik. Озарбайжон Марказий Осиё минтақаси билан ягона геоиқтисодий макон яратиш, чақириқ ва таҳдидларнинг биргаликда олдини олиш мақсадида ҳамкорлик қилишни мақсад қилган, дейди сиёсатшунос Тофиг Аббосов Sputnik Озарбайжонга.
Бугун Бокуда SPECA (БМТнинг Марказий Осиё иқтисодиёти учун махсус дастури) давлатлари саммити бўлиб ўтмоқда. Унда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон президентлари иштирок этмоқда. Шунингдек Венгрия бош вазири Виктор Орбан ҳам меҳмон сифатида иштирок этмоқда.
“Бокудаги SPECA саммити, албатта, Озарбайжон президенти Илҳом Алиевнинг ташаббуси. Ҳозир, умуман олганда, Евроосиё қитъасида янги вазият шаклланмоқда – янада қулай, янада умидли. Бироз олдин Илҳом Алиев Озарбайжон ва Марказий Осиё давлатлари ягона геоиқтисодий ва геосиёсий формат ташкил этишини, яъни бу ягона ҳудуд эканини таъкидлаган эди", - деди Аббосов.
Мутахассиснинг айтишига кўра, аксарият Ғарб таҳлил марказлари Кавказ минтақаси ва Марказий Осиё давлатларини бир бутун деб ҳисоблайди ва улар ҳақиқатдан узоқ эмас.
"Шуни ҳисобга олган ҳолда Озарбайжон президенти Марказий Осиё давлатлари билан ўзаро муносабатларни тезлаштириш мақсадида янги ташаббусларни илгари сурмоқда”, - дейди сиёсатшунос.
"Биз энергия генерациясида илғормиз. Яшил энергетикани ривожлантиришда ҳам биринчилар қаторидамиз, чунки бизда қайта тикланадиган энергиянинг кўплаб манбалари мавжуд - қуёш, шамол ва сув. Озарбайжон бугун келажакни таъминловчи янги технологияларни жорий этмоқда. Бу жуда яхши тенденция ва у Каспий денгизининг нариги томонидаги ҳамкорларимизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин", - деди Аббосов.
Экспертнинг фикрича, Озарбайжон ва Марказий Осиё давлатларининг турли платформаларда, жумладан, МДҲ, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти, Туркий давлатлар ташкилоти доирасида ҳамкорлиги — нафақат иқтисодий интеграцияни ошириш, балки янги хавф ва чақириқлар даврида бир-бирини қўллаб-қувватлаш имконини беради.
“Озарбайжон ўзининг табиий имкониятларидан фойдаланган ҳолда глобал интеграцияга янада салмоқли ҳисса қўшиш ниятида ва Марказий Осиё билан биргаликда ўзининг транспорт ва энергетика коридорлари имкониятларидан фойдаланишга бел боғлаган. Кавказ ва Марказий Осиё Евроосиё ягона тизимининг ажралмас бўлаги экан, улар биргаликда замон чақириқларига муносиб жавоб бериш ва воқеаларни олдиндан кўра билиши керак", — дея хулоса қилди сиёсатшунос.