ТОШКЕНТ, 22 ноя — Sputnik. Тик-Токни ёпсанг бошқаси очилади, керак бўлса ёшлар VPNдан фойдаланишни ҳам билади. Бу ҳақида Россия Халқлар дўстлиги университети Cтратегик изланишлар ва прогнозлар институти директори Дмитрий Егорченков Sputnik Ўзбекистон мултимедиа матбуот марказида бўлиб ўтган видеокўприкда маълум қилди.
Sputnik Ўзбекистон мултимедиа матбуот марказида Москва - Минск - Остона - Ереван - Тошкент - Тбилиси "Рақамли прокси урушлар: ижтимоий тармоқлар фуқаролар онгини қандай манипуляция қилмоқда" мавзусида видеокўприк бўлиб ўтди.
Иштирокчилар, фуқаролар онгини манипуляция қилишда Ғарб технологиялари хавфи, хорижий мамлакатлар медиа маконида ахборот хуружлари, ахборот саботажи, ахборот прокси урушлари каби масалаларда сўз юритишди.
Ёшларни сохта ахборотдан қандай ҳимоя қилиш керак деган саволга россиялик эксперт “ёлғон ахборотларга қарши тўғри ахборот оқимини яратиш керак”, деган жавоб берди.
“Тик-Токни ёпсанг бошқаси очилади, керак бўлса ёшлар VPNдан фойдаланишни ҳам билади. Шуни учун платформаларга қарши эмас, тарқатилаётган ёлғон ахборотларга қарши тўғри ахборот оқимини яратишимиз керак”, — дейди Россия Халқлар дўстлиги университети Cтратегик изланишлар ва прогнозлар институти директори Дмитрий Егорченков.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йилдан ТикТок ижтимоий тармоғи “Шахсий маълумотлар тўғрисида”ги қонун талабларини бузгани учун Шахсга доир маълумотлар базаларининг давлат реестрига киритилган. Ўтган йили Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов TikTok компанияси вице-президенти Тео Бертрам билан учрашувда Ўзбекистонда TikTok ваколатхонасини очишни таклиф қилганди.