Ўзбекистонда фитосанитария назорати қандай амалга оширилади — умумий маълумот

Хавфсизлик синовлари қандай ўтказилиши, унинг босқичлари ва импорт ҳамда экспорт қилинадиган маҳсулотларга қўйиладиган талаблар ҳақида — Sputnik Ўзбекистон шарҳида.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 20 ноя — Sputnik. Дунёнинг ҳар бир давлатида уруғлик ва кўчатлардан тортиб қишлоқ хўжалиги маҳсулотларигача бўлган барча ўсимлик маҳсулотлари импорти ва экспорти фитосанитария сертификати билан амалга оширилиши керак. Маҳсулот экспорти бир неча босқичларни ўз ичига олади.
Аввало, тегишли ва мажбурий тартибда ички фитосанитария назорати инспектори текшириш ўтказиб, кейин тегишли хулоса чиқаради. Кейинги босқичда Марказий фитосанитария лабораторияси мутахассислари томонидан экспертиза ўтказилади.
Кейинги, учинчи босқичда ташқи иқтисодий фаолият инспектори ички карантин бўйича инспекторнинг хулосасини ўрганади, кўрсатилган маҳсулотларнинг ҳужжатдаги номенклатурага мувофиқлигини текширади ва шундан кейингина фитосанитария сертификати берилади.
“Фараз қилайлик, тадбиркор ўз боғидаги олмани хорижга экспорт қилмоқчи. Биринчи босқичда ички карантин инспектори боғга келиб, текширув ўтказади ва экспортга мўлжалланган маҳсулотлар хавфсизлиги бўйича хулоса беради. Иккинчи босқичда ишлаб чиқаришнинг умумий ҳажмидан фитосанитария лабораториясида текшириш учун камида 5 кг олма танланади. Агар карантин организмлари аниқланмаса, олма хавфсиз эканлиги ҳақида хулоса чиқарилади. Учинчи босқич – Марказий фитосанитария лабораториясида текшириш, у ерда бутун дунёда тан олинган халқаро сертификат берилади”, — деди Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги матбуот котиби Сабина Садинова.
Унинг сўзларига кўра, импорт қилинадиган маҳсулотларга ҳам худди шундай талаблар қўйилади.
Импорт сертификати маҳсулот таркибида карантин объектлари - вируслар, бактериялар, замбуруғлар, зарарли ҳашаротлар, бегона ўтлар уруғлари бўлмаган тақдирдагина берилади. Акс ҳолда, маҳсулотлар, ҳар бир аниқ фактга қараб, йўқ қилинади ёки улар импорт қилинган мамлакатга қайтарилиши керак.
Бугунги кунда республика тадбиркорлари фитосанитария сертификатлари асосида дунёнинг 24 давлатига мева-сабзавот, шунингдек, барча турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини 56 давлатга экспорт қилишлари мумкин.
“Маҳсулот ишлаб чиқарувчиларга экспорт бозорларига бемалол чиқиш ва уларни кенгайтиришга қаратилган халқаро сертификатлар, стандартлар ва хорижий давлатларнинг фитосанитария талаблари мунтазам тушунтирилмоқда. Натижада Ўзбекистонда 5 995 боғ, 1 549 токзор, 1 489 дала ва уларнинг ҳосили хорижий мамлакатларнинг фитосанитария талабларига мослаштирилди”,— дейди Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги етакчи мутахассиси Муҳаммад Мардонов.
Айни пайтда Ўзбекистон ҳудудига ўсимлик ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ноқонуний олиб киришнинг олдини олиш мақсадида ўсимликлар карантини бўйича 114 чегара пости фаолият кўрсатмоқда.
Барча ҳудудларда фитосанитария лабораториялари мавжуд бўлиб, 6 та ҳудудда экспорт қилинадиган маҳсулотлар текширилади, импорт қилинадиган маҳсулотлар устидан назорат фақат Марказий фитосанитария лабораторияси томонидан амалга оширилади.
Бундан ташқари, махсус аниқловчи итлар ҳам тартибга солинадиган ўсимлик маҳсулотларини аниқлашга ёрдам беради. Айни пайтда республикада уларнинг сони 19 нафарни ташкил этади ва яна 8 нафари Миллий кинология марказида тайёрланмоқда.
Ўзбекистон фермерлари, экспортёр/импортчиларига қулайлик яратиш мақсадида Карантин ва ўсимликларни ҳимоя қилиш агентлиги томонидан “Агрокумакчи” бепул мобиль иловаси яратилди, унда экспорт ва импорт, қадоқлаш цехлари, ҳимоя воситалари ва бошқа кўплаб масалалар бўйича маълумотлар мавжуд.