ТОШКЕНТ, 19 ноя — Sputnik. Бутун дунёда қизамиқ хавфи ортиб бормоқда. Бу ҳақида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти хабар берди.
2022 йилда қизамиқ билан касалланиш 18 фоизга, ўлим даражаси 2021 йилга нисбатан 43 фоизга ошган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ва АҚШ Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш марказлари ҳисоботига кўра, касалликнинг йирик эпидемиялари 37 мамлакатда содир бўлган.
Ҳозирда касалланганлар сони 9 миллионга яқин, вафот этганлар сони эса 136 минг нафарни ташкил этади, уларнинг аксарияти болалардир. Бироқ, қизамиқга қарши вакцинанинг икки дозаси билан қизамиқ инфекциясининг олдини олиш мумкин.
2022 йилда бутун дунё бўйлаб эмлаш қамрови 2021 йилга нисбатан бир оз ошган бўлса-да, қизамиқга қарши вакцина дозасини ўтказиб юборган болалар сони 33 миллионни ташкил этди, улардан деярли 22 миллиони биринчи дозани, яна 11 миллиони иккинчи дозани олмаган.
Дунё бўйлаб биринчи дозада вакцина қўлланилиши 83% ни ташкил этди, бу аҳолини юқумли касалликлардан ҳимоя қилиш учун зарур бўлган 95% дан анча кам.
“Қизамиқнинг авж олиши ва ўлим ҳолатларининг кўпайиши ҳайратланарли, аммо афсуски, сўнгги йилларда биз эмлаш даражасининг пасайишини ҳисобга олсак, бу кутилмаган эмас”, – деди АҚШ Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш марказлари нинг Глобал иммунизация бўлими директори Жон Вертефей.
Унинг сўзларига кўра, қизамиқ билан касалланиш ҳолатлари, қаерда содир бўлишидан қатъи назар, эмлашдан етарли даражада фойдаланилмаган мамлакатлар ва жамоалар учун хавф туғдиради.
Қизамиқ билан касалланиш ва ўлимнинг олдини олиш бўйича шошилинч ва мақсадли ҳаракатларни амалга ошириш зарур.
ЖССТ маълумотларига кўра, 2022 йилда қизамиқга қарши эмлашнинг биринчи дозасини ўтказиб юборадиган 22 миллион боланинг ярмидан кўпи бор-йўғи 10 та давлатда – Ангола, Бразилия, Конго Демократик Республикаси, Эфиопия, Ҳиндистон, Индонезия, Мадагаскар, Нигерия, Покистон ва Филиппин.
Маълумот учун, қизамиқ энг юқумли вирусли касалликлардан бири бўлиб, у ҳаво томчилари орқали юқади. Қизамиқ ўрта отит, менингит, пневмония, кўрлик ва карлик каби асоратлар туфайли хавфлидир. Касаллик ўлимга олиб келиши мумкин.