ТОШКЕНТ, 16 ноя — Sputnik. Куни кеча Тошкентда Россиянинг Ўзбекистондаги Савдо ваколатхонаси ҳузуридаги Ишбилармонлар клубининг учинчи йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақида Россия Федерацияси Савдо ваколатхонаси матбуот хизмати хабар берди.
Иштирокчилар орасида Россиянинг Ўзбекистондаги элчиси Олег Мальгинов, Россия Федерациясининг Ўзбекистондаги савдо вакили Константин Злигостев, шунингдек, республикада фаолият юритаётган Россиянинг 30 тадан ортиқ корхона ва ташкилоти вакиллари бор.
Муҳокама қилинган масалалар:
Ўзбекистонда, шу жумладан, махсус иқтисодий зоналар ва технопарклар ҳудудида ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш хусусиятлари;
иқтисодиёт тармоқларининг рақамли сегментини ривожлантириш;
Россия компанияларининг бизнесини янада ривожлантириш истиқболлари.
Тадбир “очиқ микрофон” суҳбати билан якунланди. Мазкур формат орқали иштирокчилар муваффақият тарихи ва ўз фаолиятлари давомида дуч келадиган қийинчиликларни айтиб беришган. Томонлар Ўзбекистон бозоридаги мавжуд вазият юзасидан фикр алмашишди, шунингдек, Ўзбекистон ва Россия тадбиркорлари ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик учун умумий асослар топилди.
Бизнес-клубнинг навбатдаги йиғилиши 2024 йилнинг май ойида ташкил этилиши режалаштирилган.