ТОШКЕНТ, 15 ноя — Sputnik. Бугун Тошкентда “Craft fair Uzbekistan 2023” II Халқаро ҳунармандчилик маҳсулотлари ва технологиялари ярмаркаси очилди, дея хабар берди Sputnik Ўзбекистон мухбири.
Ҳунармандчилик ярмаркасида Ўзбекистондан икки юзга яқин ҳунарманд, шунингдек, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Ҳиндистон, Афғонистон ва бошқа мамлакатлардан қирққа яқин вакил иштирок этмоқда. Ўзбек ҳунармандлари республиканинг турли ҳудудларига хос бўлган турли амалий санъат турларини намоён этади.
Меҳмонлар миллий мато ва каштачилик, ёғоч ўймакорлиги, гилам, лак миниатюралари, кулолчилик, мисдан ясалган буюмларни томоша қилишлари мумкин. Тадбир дастуридан лойдан кўзалар, ип ва газламалар, болалар бешиги, миллий бош кийим (дўппи) ясаш бўйича маҳорат сабоқлари ҳам ўрин олган.
Ярмарка “Ўзэкспомарказ” кўргазмалар мажмуасида 17 ноябрга қадар давом этади.