Санкт-Петербургда безорилик қилган блогер Озарбайжондан Россияга экстрадиция қилинди

Санкт-Петербургда ўткинчиларга ҳужум қилган ва ушбу ҳаракатларни видеога олиб интернетга тарқатган блогер ҳибсга олинди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 15 ноя – Sputnik. Ўтган ёзда Санкт-Петербургда ўткинчиларга ҳужум уюштирганликда айбланаётган блогер Турал Мамедов Россия талабига биноан Озарбайжондан экстрадиция қилинди.

“Озарбайжон Республикасининг ваколатли органлари Турал Мамедовни жиноий жавобгарликка тортиш учун экстрадиция қилди”, — дейилади хабарда.

Маълумот учун, октябрь ойида Санкт-Петербургда бир гуруҳ ёшлар ўткинчиларга ҳужум қилгани акс этган видеолар ижтимоий тармоқларда тарқалган эди. Ҳодисалар асосан метро яқинида ва савдо марказларида содир бўлган. Жабрланганлар асосан ўсмирлар ёки маст одамлар бўлган.
Кейин маълум бўлишича, ушбу видеоларда вояга етмаган Турал Мамедов акс этган бўлган. Ҳужумларни уюштирганликда гумон қилинган шахс халқаро қидирувга берилган ва кейинроқ у Озарбайжонда ҳибсга олинган.
Айни дамда мазкур ҳолат юзасидан Россия ЖКнинг 282-моддаси “Бир гуруҳ шахслар томонидан зўрлик ишлатиб, безорилик қилиш” ва “Бир гуруҳ шахслар томонидан миллатига қараб адоват қўзғатишга қаратилган ҳаракатлар” моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Маҳаллий нашрлар ёзишига кўра, мазкур жиноятни фош қилишда Санкт-Петербургдаги озарбайжон диаспораси ёрдам берган. Ундан ташқари, диаспора вакиллари Озарбайжонда яшаётган Мамедовнинг ота-онаси билан боғланиб, шаҳар аҳолисига уларнинг кечирим сўзларини етказган.