ТОШКЕНТ, 15 ноя — Sputnik. Қозоғистон, Озарбайжон ва Ўзбекистон яшил энергия экспорти бўйича техник шартлар ва қўшма корхона тузишга келишиб олди. Бу ҳақда Қозоғистон энергетика вазирлиги хабар берди.
Тегишли келишув Озарбайжон, Ўзбекистон ва Қозоғистон энергетика ва иқтисодиёт вазирларининг Боку шаҳрида бўлиб ўтган учрашувида эришилди.
Учрашувда Марказий Осиё давлатларидан Озарбайжон ҳудуди орқали Европага электр энергиясини экспорт қилиш истиқболлари муҳокама қилинди.
“Учрашув якунлари бўйича бошқармалар раҳбарлари қўшма коммюникени имзолашди. Унда мамлакатларнинг қайта тикланадиган энергетика соҳасидаги салоҳияти ҳамда муқобил манбалардан олинадиган электр энергиясини Европага экспорт қилиш лойиҳасига қўшилишга тайёр эканликлари қайд этилган”, — дейилади хабарда.
Иштирокчилар қайта тикланадиган энергия манбаларига эътибор қаратган ҳолда энергия алмашинуви соҳасида ҳамкорлик бўйича техник топшириқларни ишлаб чиқиш бўйича қўшма ишчи гуруҳ тузишга келишиб олдишди: яшил водород ва яшил аммиакни ривожлантириш ва экспорт қилиш имкониятлари ва тегишли инфратузилмани яратиш соҳасида.
Ишлаб чиқилган ва тасдиқланган техник шартлар асосида дастлабки техник-иқтисодий асосларни тайёрлаш бўйича тендер эълон қилинади.
"Иштирокчилар, шунингдек, лойиҳани амалга ошириш учун қўшма корхона яратиш истиқболларини ўрганишга келишиб олишди", — дея қўшимча қилинган хабарда.
Иқтисодиёт ва энергетика вазирлари даражасидаги навбатдаги йиғилиш Ўзбекистонда (Тошкент шаҳри) бўлиб ўтади.
Эслатиб ўтамиз, октябрь ойида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қатарда “яшил” энергетика лойиҳалари бўйича учрашувлар ўтказган эди. Унда Қатар инвестициялар агентлигининг тўғридан-тўғри инвестицияларини Ўзбекистон ҳудудларида “яшил” энергетика объектларини модернизация қилиш бошқа инвестиция лойиҳаларига жалб қилиш масалалари атрофлича кўриб чиқилган.