Лазиз Кудратов Озарбайжон президенти билан учрашди — муҳокама этилган масалалар

Суҳбат чоғида сармоявий ҳамкорлик, саноат кооперацияси ва ўзаро савдо йўналишларидаги икки томонлама кўп қиррали ҳамкорликнинг ижобий динамикаси қайд этилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 15 ноя — Sputnik. Озарбайжон президенти Илҳом Алиев кеча, 14 ноябрь куни, Боку шаҳрида бўлиб турган Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратовни қабул қилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.
Суҳбат чоғида сармоявий ҳамкорлик, саноат кооперацияси ва ўзаро савдо йўналишларидаги икки томонлама кўп қиррали ҳамкорликнинг ижобий суръати қайд этилди.
Энергетика, юқори технологияли маҳсулотлар ишлаб чиқариш, тўқимачилик саноати ва машинасозлик соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш учун катта имкониятлар мавжудлиги таъкидланди.
Ўрта ва узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган ҳамкорлик дастурларини тайёрлаш, ҳудудлар форуми ҳамда Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги Ҳукуматлараро комиссия йиғилишини ўтказиш бўйича таклифлар қўллаб-қувватланди.
Лазиз Кудратов Бокуга ташрифи доирасида Ўзбекистон, Озарбайжон ва Қозоғистон тегишли вазирларининг электр энергияси ишлаб чиқариш ва экспорт қилиш масалаларига бағишланган уч томонлама учрашувида иштирок этди.
Муқобил манбалардан ишлаб чиқарилган электр энергиясини минтақа давлатлари ҳудудлари орқали учинчи давлатларнинг йирик истеъмолчиларига ўтказишни ташкил этиш лойиҳасини амалга ошириш истиқболлари кўриб чиқилди. Томонлар норматив-ҳуқуқий базани шакллантиришнинг асосий шартларини, лойиҳанинг техник-иқтисодий самарадорлигининг концептуал параметрларини таҳлил қилди ва уни амалга ошириш бўйича аниқ чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқди.
Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов, шунингдек, Озарбайжон иқтисодиёт вазири Микаил Жабборов билан учрашув ўтказди.
Учрашувда ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини йилига 1 миллиард долларга етказиш бўйича вазифалар кўриб чиқилди. Ўзбекистон-Озарбайжон инвестиция компанияси маблағлари ҳисобидан молиялаштирилиши режалаштирилган истиқболли инвестиция лойиҳалари сонини кўпайтириш юзасидан келишувга эришилди.
Сув тозалаш иншоотлари, туризм объектларини қуриш, металл буюмлар ва маиший техника, тиббий асбоб-ускуналар ва буюмлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, шунингдек, тўқимачилик кластерини ташкил қилиш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга оширишнинг босқичма-босқич режалари ишлаб чиқилди.