ТОШКЕНТ, 15 ноя — Sputnik. Ижтимоий тармоқлар ва айрим телеграм каналларида хакерлик ҳужуми оқибатида серверлар бузиб кирилгани, бунинг натижасида фирибгарлар иловалардан бирида рўйхатдан ўтган карталарга ҳеч қандай муаммосиз кириш имконига эга бўлгани ҳақида ёлғон хабарлар тарқалмоқда, деб ёзмоқда Марказий банк матбуот хизмати.
“Ижтимоий тармоқларда Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаментининг хати сифатида тарқалаётган мазкур ахборотнинг, аслида, шу кунларда хакерлик ҳужуми оқибатида серверлар бузиб кирилгани, бунинг натижасида фирибгарлар иловалардан бирида рўйхатдан ўтган карталарга ҳеч қандай муаммосиз кириш имконига эга бўлгани ҳақидаги ёлғон хабарларга алоқаси йўқ”, - дейилади хабарда.
Таъкидланишича, 31 октябрь санаси билан келтирилган ушбу хат аслида бошқа банк фаолияти билан боғлиқ шу йилнинг баҳор ойларидаги воқеликка тегишли. Мазкур ҳолат юзасидан маблағларни қайтариш бўйича тергов ва суд жараёнлари якунига етмоқда.
“Ҳурматли юртдошларимизни турли ижтимоий тармоқларда тарқалаётган фейк хабарларга ишонмасдан расмий ахборот манбалари хабарларидан фойдаланишларини сўраб қоламиз”, - дейилган хабарда.