ТОШКЕНТ, 14 ноя — Sputnik. Сирдарё вилоятида иккита газ қуйиш шохобчаси электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиб келаётгани аниқланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати маълум қилди.
“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Сирдарё ҳудудий филиали ҳамда ҳуқуқ тартибот идоралари ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган рейд тадбирларида Сардоба туманидаги "С С" МЧЖга қарашли автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаси электр энергиясидан ноқонуний фойдаланаётгани маълум бўлди.
Шунингдек, тумандаги яна бир — "Г М С" МЧЖга қарашли АГТКШ назоратдан ўтказилганда тармоққа ноқонуний уланиб, электр энергияси истеъмол қилаётгани аниқланган.
Мутахассисларнинг қайта ҳисоб-китобларига кўра, ушбу истеъмолчилар томонидан давлатга 6 млрд 669 млн сўмлик зарар етказилган.
Мазкур ҳар иккала ҳолат бўйича далолатномалар расмийлаштирилиб, тегишли чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди.