ТОШКЕНТ, 14 ноя — Sputnik. Ўзбекистон инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда самарали чоралар кўрмоқда. Бу ҳақида БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши Универсал даврий шарҳ бўйича ишчи гуруҳининг 44-сессиясида маълум қилинди.
Женевада БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши Универсал даврий шарҳ бўйича ишчи гуруҳининг 44-сессияси бўлиб ўтди.
© Пресс-служба Национального центра республики Узбекистан
Женевада БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши Универсал даврий шарҳ бўйича ишчи гуруҳининг 44-сессияси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистоннинг 4-миллий маърузаси кўриб чиқилди. Йиғилишда Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ директори Акмал Саидов бошчилигидаги делегацияси вакиллари иштирок этди.
Қайд этилишича, сессияда “Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларини бажариш борасида, хусусан, болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга барҳам бериш, болалар ва аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, қийноқларга қарши курашиш ҳамда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг бошқа йўналишларида самарали чоралар кўрмоқда”, деган фикр билдирилган.
Ўзбекистон БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг Универсал даврий шарҳ бўйича ишчи гуруҳи томонидан 6 ноябрдан – 17 ноябрга қадар ўтказиладиган сессияда миллий маърузалари кўриб чиқиладиган 14 давлатдан бири ҳисобланади.
Мамлакатнинг Универсал даврий шарҳ бўйича биринчи, иккинчи ва учинчи миллий маърузалари 2008 йил декабрь, 2013 йил апрель ва 2018 йил май ойларида кўриб чиқилган.
“Ўзбекистоннинг миллий маърузаси юзасидан 84 та давлат вакиллари сўзга чиқди. Деярли барча делегациялар вакиллари Ўзбекистон томонидан Универсал даврий шарҳ бўйича 2013 ва 2018 йилларда бўлиб ўтган муҳокамалар даврида берилган тавсияларни изчил бажариш, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши билан очиқ ва амалий мулоқотни ривожлантириш бўйича қўйилган амалий қадамларни ижобий баҳолашди”, — дейилади хабарда.
Бир қатор давлатлар Ўзбекистонда инсоннинг асосий ҳуқуқлари ва эркинликларини кафолатлашга қаратилган конституциявий ислоҳот ўтказилганини олқишлади.
Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси ва “Ўзбекистон – 2030” стратегияси мисолида мамлакатнинг инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш ва таъминлашга ҳамда бу соҳадаги халқаро мажбуриятларини бажаришга содиқлиги яққол намоён бўлаётгани алоҳида таъкидланди.
Шунингдек, Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ихтисослашган БМТ тузилмалари билан ҳамкорликни ривожлантириш ва кенгайтириш борасидаги саъй-ҳаракатлари ҳам эътироф этилди.
“Ўзбекистоннинг, айниқса, пахта терими даврида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатига барҳам бериш, шунингдек, одам савдосига қарши курашиш борасидаги ютуқлари БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига аъзо мамлакатлар томонидан ижобий баҳоланди”, — дейилган хабарда.
Қуйидаги соҳаларда кўрилаётган чоралар эътироф этилди:
БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш;
болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, Болалар омбудсманини таъсис этиш, оналар ва болалар ўлимини камайтириш;
инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимнинг узлуксиз тизимини шакллантириш;
аёллар ҳуқуқлари ва гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш;
сўз ва оммавий ахборот воситалари эркинлигини қўллаб-қувваташ; коррупцияга қарши кураш олиб бориш;
қийноқларга қарши курашиш.
Қолаверса, сессия иштирокчилари ногиронлиги бўлган инсонлар ҳуқуқларини таъминлаш ва уларга имкониятларни янада кенгайтириш ҳамда Ўзбекистон томонидан Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция ратификация қилинганини мамнуният билан қайд этишди.
Муҳокамалар чоғида Ўзбекистоннинг қатор халқаро шартномаларга қўшилиши юзасидан айрим давлатлар томонидан тавсиялар берилди. Аксарият давлатлар Ўзбекистонда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларни қўллаб-қувватлади.