Андижонда янги подстанция ишга туширилди — видео

Қайд этилишича, янги подстанциянинг ишга тушиши натижасида 220 кВ кучланишли “Хакан” подстанциясининг юкламаси 100 МВтга енгиллашади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 14 ноя — Sputnik. Андижон вилоятида янги подстанция ишга туширилди, дея хабар бермоқда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.
Хабарга кўра, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ томонидан Андижон вилоятининг Шаҳрихон, Балиқчи, Бўстон ва Улуғнор туманлари истеъмолчиларининг электр таъминотини янада яхшилаш мақсадида узунлиги 14 километр бўлган 220 кВ кучланишли янги электр узатиш тармоғи ва юқори кучланишли “Сарой” подстанцияси қуриб битказилди.
Бугун, 14 ноябрь куни мазкур подстанциянинг биринчи трансформаторига кучланиш берилди. Айни вақтда подстанция барқарор ишламоқда.
Қайд этилишича, янги подстанциянинг ишга тушиши натижасида 220 кВ кучланишли “Хакан” подстанциясининг юкламаси 100 МВтга енгиллашади. Бу эса, ўз навбатида, бу подстанциянинг барқарор ишлашини таъминлайди.