ТОШКЕНТ, 13 ноя — Sputnik. Самарқандда хотин-қизлар масалалари бўйича халқаро форум бўлиб ўтади. Бу ҳақида АОКАда ўтказилган брифингда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Саодат Боймирзаева маълум қилди.
Самарқанд шаҳрида 22-23 ноябрь кунлари “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўйича Ўзбекистон ва Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар тажрибаси” мавзусида юқори даражадаги халқаро форум ўтказилади.
Форумнинг мақсади хотин-қизларнинг жамият ҳаёти ва давлат бошқарувидаги иштирокини кучайтириш, уларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш бўйича Ислом ҳамкорлик ташкилоти давлатларининг ўзаро ҳамкорлигини янада ривожлантириш ва тажриба алмашишдан иборат.
Форумда қуйидаги масалалар муҳокама қилинади:
Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларда оила институтини мустаҳкамлаш, хотин-қизларни ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш соҳасидаги эришилган ютуқлар ва ташаббусларни кўриб чиқиш;
хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг илғор тажрибаси, амалиёти ва инновацион ёндошувлари билан танишиш ва кенг фойдаланиш;
иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётнинг барча жабҳаларида хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
гендер сиёсатининг турли соҳалари бўйича ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини белгилаш;
хотин-қизларнинг минтақавий хавфсизликни таъминлаш, замонавий таҳдидларга қарши курашиш самарадорлигини оширишдаги иштирокини кенгайтириш.
Тадбирда шунингдек, Ўзбекистонда оила институтини мустаҳкамлаш, хотин-қизларни ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида тақдимотлар бўлиб ўтади.
Форумдан қуйидаги натижаларга эришиш кутилмоқда:
Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг барқарор ривожланишида хотин-қизларнинг роли ва ўрнини оширишга қаратилган янги ташаббус ва таклифларни илгари суриш;
оила институтини мустаҳкамлаш, хотин-қизларнинг жамият ҳаёти ва давлат бошқарувидаги иштирокини кучайтириш, тадбиркорлигини ривожлантириш, оила ва хотин-қизлар масалалари билан шуғулланувчи нодавлат, нотижорат ташкилотларнинг иштироки каби йўналишларда ижобий тажрибалар алмашиш;
аёлларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, оила институтини мустаҳкамлаш борасида таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш.