Футбол бўйича ЖЧ: ўзбекистонлик ўсмирлар Канада жамоасидан устун келди

Ўзбекистон-Канада ўйинида Амирбек Саидов қаҳрамонлик кўрсатди. У ўйинда киритилган 2 та голга муаллифлик қилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 13 ноя — Sputnik. Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси U-17 жаҳон чемпионати гуруҳ босқичи доирасидаги иккинчи учрашувини Канадага қарши ўтказди.
1 / 2
2 / 2
Учрашув Индонезиянинг Суракарта шаҳридаги "Манаҳан" стадионида бўлиб ўтди. Ўйиннинг 21-дақиқасида Ўзбекистон вакиллари бурчак зарбасини ишлаб олишди. Бурчак зарбасидан тўп ўйинга киритилди ва натижада тўп канадаликлар дарвозасида ичида пайдо бўлди. Бу голни ФИФА расмийлари Ричард Чуквуга автогол сифатида ёзишди. 27-дақиқада Амирбек Саидов рақиб дарвозасини ишғол қилишга муваффақ бўлди.
Иккинчи бўлимнинг 81-дақиқасида Амирбек иккинчи голни ўз номига ёздириб қўйди. У канадалик ҳимоячи ва дарвозабоннинг хатосидан унумли фойдалана олди - ҳисоб 3:0. Шу тариқа, Ўзбекистон Канада устидан йирик ҳисобда ғалаба қозонди.
1 / 3
2 / 3
3 / 3
Энди Ўзбекистон вакиллари 16 ноябрь куни Испанияга қарши майдонга тушади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон U-17 терма жамоаси гуруҳ босқичидаги биринчи учрашувда Малига ютқазиб қўйган эди.
Футбол бўйича 17 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги жаҳон чемпионати гуруҳ босқичида Ўзбекистон "B" гуруҳидан жой олган. Мазкур гуруҳда ўзбекистонликларга Испания, Канада ҳамда Мали термалари рақиблик қилмоқда.
Мусобақа Индонезияда 10 ноябрдан 2 декабрга қадар бўлиб ўтади.