ТОШКЕНТ, 10 ноя — Sputnik. Кеча, 9 ноябрь куни, Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов ва AKSA Энержи бошқаруви раиси Жемил Казанчи ўртасида Инвестиция шартномасини имзолаш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.
Ҳужжатга кўра, AKSA Энержи давлат-хусусий шериклик шартлари асосида Қашқадарё вилояти Нишон туманида қуввати 400МВт газ поршенли электр станциясини қуриш учун 250 миллион доллар сармоя киритади.
Қурилиш ишларининг бошланиши 2023 йилнинг декабрига мўлжалланган, 2024 йил охирида электр станцияси ишга туширилиши режалаштирилган.
Туркия компаниясининг ташрифи доирасида “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ ва AKSA Энержи ўртасида электр энергиясини сотиб олиш шартномаси ҳам имзоланди ва бу билан Ўзбекистон томони туркиялик инвестордан 25 йилга кафолатланган электр энергиясини сотиб олишни амалга оширади.
Маълумот учун, AKSA Энержи 1960 йилда ташкил этилган "Kazanci Holding" таркибига киради. Холдинг нафақат энергетика соҳасида лойиҳаларни ишлаб чиқади, балки қишлоқ хўжалиги ва туризмда ҳам. Шунингдек, компания қатор мамлакатларда: Туркия, Гана, Мадагаскар, Мали, Конго ва Ўзбекистонда электр станцияларини қурмоқда.