ТОШКЕНТ, 10 ноя — Sputnik. Иорданияда Бутунжаҳон таэквондо федерацияси президенти кубоги мусобақаси старт олди. Таэквондо WT бўйича Ўзбекистон терма жамоаси мусобақани муваффақиятли бошлади, дея хабар берди Миллий олимпия қўмитаси.
Биринчи кун доирасида баҳс олиб борган 3 нафар ўзбекистонлик спортчиларнинг барчаси шоҳсупага кўтарилди. Жасур Жайсунов (-74 кг) ва Никита Рафалович (-87 кг) кумуш медални қўлга киритган бўлса, Феруза Содиқова (-62 кг) бронза медали соҳибасига айланди.
Бугун ҳам катталар ўртасидаги баҳслар давом этади. Унда Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларидан Шуҳрат Салаев (-80 кг) ҳамда Светлана Осипова (+73 кг) даянга чиқишади.