ТОШКЕНТ, 10 ноя — Sputnik. Ўзбекистон билан Италия ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича қатор икки томонлама ҳужжатлар имзоланди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар берди.
Хусусан, Шавкат Мирзиёев ва Италия президенти Сержо Маттарелланинг музокаралари якунида икки мамлакат ўртасидаги стратегик шериклик ва ҳамкорликни назарда тутувчи қўшма баёнот қабул қилинди.
ЎзА мамлакатлар ўртасида имзоланган шартномалар рўйхатини келтирди:
дипломатик паспорт эгаларини виза талабларидан озод қилиш тўғрисида ҳукуматлараро битим;
дипломатик академиялар ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги англашув меморандуми;
халқ таълимини ривожлантириш тўғрисидаги идоралараро англашув меморандуми;
фан, технология ва инновация соҳаларида ҳамкорлик тўғрисидаги идоралараро англашув меморандуми;
жисмоний тарбия ва спорт соҳасида ҳамкорлик тўғрисида англашув меморандуми.
Эслатиб ўтамиз, Италия президенти Сержо Маттарелла 9-10 ноябрь кунлари расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлиб турибди.