ТОШКЕНТ, 10 ноя — Sputnik. Сўнгги беш йилда маҳаллий ҳокимиятларнинг 8 мингдан ортиқ қарорлари ноқонуний деб топилган. Бу ҳақида Олий суд телеграм канали маълум қилмоқда.
"2017-2022 йиллар ва 2023 йилнинг 9 ойида маъмурий судлар томонидан жами 98 861 та оммавий низо кўрилган бўлиб, 59 475 та (60,2%) иш бўйича жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари тикланган. Жумладан, маҳаллий ҳокимликларнинг 8 778 та қарорлари ноқонунийлиги сабабли ҳақиқий эмас деб топилган", - дейилади хабарда.
Шунингдек, ушбу давр мобайнида иқтисодий судлар томонидан 302 687 та ишлар кўриб чиқилиб тадбиркорлик субъектлари фойдасига 17,7 трлн. сўм миқдоридаги маблағларни ундириш белгиланган.
Ундан ташқари, 2019-2022 йиллар ва 2023 йилнинг 9 ойида иқтисодий ва маъмурий судлар томонидан инвестициявий низоларга оид жами 1 282 та иш кўрилиб, 710 таси бўйича даъво талабларини қаноатлантириш ҳақида суд қарорлари қабул қилинган.