ТОШКЕНТ, 10 ноя — Sputnik. Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) давлатларида ўтган бир йил давомида рўйхатга олинган ишсизлар сони 14,2 фоизга камайди, деб хабар қилмоқда ЕИК матбуот хизмати.
2023 йил сентябрь ойи охирида ЕОИИ давлатларининг бандлик хизматларида рўйхатга олинган ишсизлар сони 867 минг кишини ташкил этди. Бу 2022 йилнинг мос даврига нисбатан 14,2 фоизга кам.
Шундай қилиб, ЕОИИда ишсизлар сони 2022 йилда 1,1 фоизни ташкил этган бўлса, 2023 йилда бу кўрсаткич 0,9% ни ташкил қилди.
Давлатлар кесимида рўйхатга олинган ишсизлар сони бўйича энг юқори кўрсаткич Арманистонда қайд этилган — меҳнатга лаёқатли аҳолининг 3,2%. Қозоғистонда — 3,1%, Қирғизистонда — 2,6%.
Меҳнат биржаларида рўйхатга олинган энг кам аҳоли сони эса Беларусда қайд этилган — 0,1% (меҳнатга лаёқатли аҳоли сонига нисбатан). Иккинчи ўринда Россия — 0,6%.
Эслатиб ўтамиз, Евроосиё иқтисодий иттифоқининг асосий мақсади — Иттифоққа аъзо давлатлар қонунчилигини ўзаро уйғунлаштириш орқали товар ва хизматлар, капитал ва ишчи кучининг эркин ҳаракатини таъминлаш ва умумий бозорларга эга бўлган ягона иқтисодий ҳудуд яратишдир.