Рақобат қўмитаси раиси Шораҳметов лавозимидан кетиши мумкин

Йиҳилишда аҳолида маҳсулот сифати ва нарх-навоси бўйича шикоятлар кўплиги Рақобат қўмитаси фаолиятидаги жиддий камчиликлардан далолат экани таъкидланди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 9 ноя — Sputnik. Ўзбекистон Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси Шоҳрух Шораҳметовнинг эгаллаб турган лавозимига лойиқлиги масаласини кўриб чиқилади. Президент Шавкат Мирзиёев қишлоқ хўжалиги тармоқларида келгуси йилда амалга ошириладиган устувор вазифалар юзасидан ўтказган йиғилишда тегишли топшириқни берди.
Йиғилишда йирик чакана савдо тармоқларида сотилаётган қуруқ ва табиий сутдан ишлаб чиқарилган маҳсулотларни алоҳида белгилаш амалиётини жорий этиш, кўчма гўшт-сут шохобчаларини ташкил қилиш зарурлиги таъкидланди.
Йирик савдо тармоқларида маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга тенг шароит яратилмагани, улардан маҳсулот пулини олишдаги муаммолар, аҳолида маҳсулот сифати ва нарх-навоси бўйича шикоятлар кўплиги Рақобат қўмитаси фаолиятидаги жиддий камчиликлардан далолат экани таъкидланди.
Шу муносабат билан қўмита раиси Шораҳметовнинг эгаллаб турган лавозимига лойиқлиги масаласини кўриб чиқиш топширилди.
Шораҳметов ўтган йил декабрида Рақобат қўмитаси раиси лавозимига тайинланган эди.