ТОШКЕНТ, 9 ноя — Sputnik. Ўзбекистонда пахта хом-ашёсини тўлиқ қайта ишлаш учун барча шароитлар яратилмоқда. Бу ҳақида президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида бўлиб ўтган қишлоқ хўжалиги масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида маълум бўлди.
"Бу йилги пахта ҳосилини тўлиқ қайта ишлаш натижасида 2024 йилда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни 9,6 миллиард долларга, экспортни эса 4,5 миллиард долларга етказиш ҳисоб-китоб қилинди", - дейилади хабарда.
Бунинг учун соҳадаги корхоналарга керакли имтиёзлар яратиб берилади. Хусусан, газлама-мато, бўяш ва тикувчилик корхоналари учун:
бўялган матони 50 фоиздан кам бўлмаган қисмини ички бозорга сотган корхоналар ижтимоий солиқни 1 фоиз ставкада тўлайди, уларга мол-мулк солиғини 3 йил давомида бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат берилади;
2025 йил 1 январга қадар пахта ва сунъий толани импорт қилишда транспорт харажатларининг 50 фоизи қоплаб берилади;
тўқимачилик ва тикув-трикотаж корхоналари учун зарур технологик ускуналар ва уларнинг эҳтиёт қисмларини импорт қилишда улар божхона божидан озод қилинади.
Юқоричирчиқда газлама ишлаб чиқариш ва бўёқхоналар ташкил қилиш, Қорақалпоғистонда сунъий тола, газлама-мато ишлаб чиқариш ва бўёқхона ташкил этиш бўйича лойиҳалар бошланган.
Ушбу корхоналар келгуси йил ишга туширилиб, тадбиркорларга саноат ипотекаси асосида берилади. Ҳудудлар раҳбарларига шундай йирик лойиҳаларни амалга ошириш ҳисоб-китоб қилишга кўрсатма берилди.