Мирзиёев Қозоғистон билан амалий ҳамкорликни ривожлантириш муҳимлигини таъкидлади

Давлат раҳбари Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари изчил ривожланиб бораётганини мамнуният билан қайд этди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 9 ноя — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти саммитида иштирок этиш учун Ўзбекистонда бўлиб турган Қозоғистон бош вазири Алихан Смаиловни қабул қилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Учрашув аввалида Қозоғистон бош вазири Ўзбекистон етакчисига Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
Давлат раҳбари Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари изчил ривожланиб бораётганини мамнуният билан қайд этди.
Олий даражада эришилган, шу жумладан товар айирбошлашни ошириш, саноат кооперацияси ва логистика лойиҳаларини илгари суриш борасидаги келишувларнинг тўлиқ амалга оширилишига алоҳида эътибор қаратилди.
Бу борада қўшма Ҳукуматлараро комиссиянинг самарали ишини давом эттириш муҳим экани таъкидланди.