ТОШКЕНТ, 9 ноя — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг (ИҲТ) ўн олтинчи саммитида нутқ сўзлади ва қатор таклифларни билдирди.
Мирзиёев Ўзбекистон ташкилотнинг асосий ҳужжати бўлган “Истиқболлар – 2025” ижросини сарҳисоб қилишни қўллаб-қувватлашини маълум қилди. Ҳозирча ишга солинмаётган катта имкониятларнинг чуқур таҳлили асосида ташкилотнинг келажакдаги устувор соҳа ва тармоқларини белгилаб берувчи “Иқтисодий ҳамкорликнинг стратегик мақсадлари – 2035” концептуал ҳужжатини ишлаб чиқиш вақти келган.
Хусусан, Ўзбекистон раҳбари қуйидаги таклифларни билдирди:
ИҲТ доирасида савдони соддалаштириш тўғрисидаги битимни қабул қилиш;
Тошкент шаҳрида ташкилотнинг Рақамли транспорт ва божхона офисини ташкил этиш;
ташкилот доирасида ҳудудлараро саноат кўргазмасини ташкил этиш ва унинг дастлабки тадбирини 2024 йилда Ўзбекистонда ўтказиш;
ташкилот доирасида алоҳида Энергетика вазирлари кенгашини таъсис этиш;
қўшма туристик маршрутларни жорий этиш ҳамда “Ипак йўли” сайёҳлик бренди остида умумий сайёҳлик дастурларини кўпайтириш;
ташкилот Котибияти ҳузурида аъзо мамлакатларнинг туризм маъмуриятлари ва етакчи экспертлардан иборат алоҳида Туризм бўйича маслаҳат қўмитасини ташкил этиш.
Ўзбекистон етакчиси бугунги саммит ва унинг натижалари ташкилотни самарали ва таъсирчан тузилмага айлантиришга, кўпқиррали шерикликни янги марраларга олиб чиқишига ишонч билдирди.
Тошкентда 7-8 ноябрь кунлари Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг XVI саммити бўлиб ўтмоқда. ИҲТ минтақавий кўп томонлама тузилма бўлиб, унинг мақсади минтақа мамлакатлари ўртасидаги яқин савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантиришга кўмаклашишдир.
Ташкилот 1985 йилда ташкил этилган. Унинг доимий фаолият юритувчи котибияти Теҳрон шаҳрида жойлашган. Бугунги кунда ташкилотга Ўзбекистон, Туркия, Эрон, Покистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Афғонистон аъзо. Ўзбекистон 1992 йилда ИҲТ аъзоси бўлган.