Мирзиёев Бердимуҳамедов ва Алиев билан учрашди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Туркманистон ва Озарбайжон президентлари билан учрашди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 9 ноя — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти саммитида иштирок этиш учун Тошкент шаҳрига келган Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.
Суҳбат аввалида Туркманистон президенти Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедовнинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди. Икки томонлама муносабатларнинг долзарб масалалари ҳамда олий даражадаги келишувлар ижроси батафсил кўриб чиқилди.
Томонлар Ўзбекистон билан Туркманистон ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик ва чуқурлашган стратегик шериклик изчил ривожланиб, мустаҳкамланиб бораётганини мамнуният билан қайд этдилар. Икки мамлакат президентлари минтақавий кун тартиби ва кўп томонлама тузилмалар доирасидаги ҳамкорлик масалаларини кўриб чиқдилар.
Шунингдек, Шавкат Мирзиёев ИҲТ саммитининг асосий тадбирларида иштирок этиш учун Ўзбекистонда бўлиб турган Озарбайжон президенти Илҳом Алиев билан музокара ўтказди.
Ўзбекистон-Озарбайжон дўстлик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди. Мунтазам ўтказиб келинаётган олий даражадаги мулоқотларда эришилган келишувларнинг натижалари катта мамнуният билан қайд этилди.
Ўзбекистон ва Озарбайжон раҳбарлари амалий ҳамкорлик дастур ва лойиҳаларини илгари суриш борасида биргаликдаги ишларни жадал давом эттириш муҳимлигини таъкидладилар.