Кўчма гўшт ва сут шохобчалари ташкил қилиш зарур — Шавкат Мирзиёев

Президент паррандачилик учун бюджетдан субсидия ажратиш ҳамда омборхоналар ташкил қилиш масаласини қўйди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 9 ноя — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида паррандачилик ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларнинг муаммолари кўриб чиқилди.
Йиғилишда қайд этилишига кўра, озуқа масаласи паррандачилик маҳсулотларининг таннархини пасайтириш имконини бермаётгани экан. Мажлисда ушбу муаммони ҳал қилишга қаратилган чоралар айтиб ўтилди.

Хусусан, нарх барқарорлигини таъминлаш мақсадида йил якунига қадар чорва ва парранда гўшти ишлаб чиқаришга бюджетдан 230 миллиард сўм субсидия ажратилади, дон маҳсулотларини сақлаш учун 8 та йирик омборхона ташкил этилади.

Шунингдек, паррандачиликни кенгроқ кредитлаш механизмлари яратилади.
Ундан ташқари Ўзбекистонга жўжаларнинг биринчи тартибли ота-оналик соф линиясини олиб келиш орқали жўжа импорти муаммоси ҳал қилинади.

Сут ишлаб чиқарувчилар муаммолари

Йиғилишда сут ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш масаласи ҳам кўриб чиқилди.
Хусусан, сариёғ экспортига чекловни бекор қилиш, сут етиштирувчи ва қайта ишловчи корхоналарни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чораларини ишлаб чиқиш бўйича Ҳукуматга топшириқ берилди.
Шунингдек, савдо тармоқларида сотилаётган қуруқ ва табиий сутдан ишлаб чиқарилган маҳсулотларни алоҳида тартибда белгилаш амалиётини жорий этиш масаласи қўйилди.
Аҳолини сут ва гўшт билан таъминлаш мақсадида, кўчма гўшт-сут шохобчаларини ташкил қилиш зарурлиги таъкидланди.
Йирик савдо тармоқларида маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга тенг шароит яратилмагани, улардан маҳсулот пулини олишдаги муаммолар, аҳолида маҳсулот сифати ва нарх-навоси бўйича шикоятлар кўплиги — Рақобат қўмитаси фаолиятидаги жиддий камчиликлардан далолат экани таъкидланди.
Шу муносабат билан қўмита раиси Ш.Шорахметовнинг эгаллаб турган лавозимига лойиқлиги масаласини кўриб чиқиш топширилди.