ТОШКЕНТ, 8 ноя — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти саммити тадбирлари доирасида бош вазир Анвар ул-Ҳақ Какар бошчилигидаги Покистон делегацияси билан музокара ўтказди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.
Икки томонлама ҳамкорликни, энг аввало, савдо-иқтисодиёт, инвестиция ва транспорт-коммуникация соҳаларида янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Турли даражаларда фаол мулоқот олиб борилаётгани мамнуният билан қайд этилди.
2024-2025 йилларга мўлжалланган Саноат кооперацияси дастурини тез фурсатда қабул қилиш, ишбилармонлик алоқаларини ривожлантириш учун савдо тўсиқларини бартараф этиш ва қулай шароитлар яратиш муҳимлиги таъкидланди.
Трансафғон темир йўлини қуриш лойиҳасини амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Минтақавий кун тартибидаги масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.