Бу қизиқ

Ҳаво ифлосланиши қандли диабет келиб чиқиш хавфини оширади — тадқиқот

Олимлар етти йил давомида 12 минг эркак ва аёлдан иборат гуруҳни кузатди. Уларнинг қондаги қанд миқдори мунтазам текшириб турилган ва бу одамлар яшайдиган ҳудудларда ҳаво сифати назорат қилинган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 8 ноя — Sputnik. Ҳаво ифлосланиши қандли диабет келиб чиқиш хавфини оширади. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Олимлар экологик ноқулай ҳудудларда яшовчи одамларда қандли диабетнинг иккинчи тури ривожланиш хавфи ортишини аниқлади. Тадқиқот Ҳиндистоннинг Деҳли ва Ченнай шаҳарларида ўтказилди. Бу ҳудудлар ҳавосида қон оқимига кириши мумкин бўлган микроскопик PM2.5 заррачалари миқдори ошган.
Ўрганишлар чоғида PM2.5 нинг ўртача йиллик даражаси Деҳлида 82-100 мкг/м3, Ченнайда эса 30-40 мкг/м3 миқдорни ташкил этган. ЖССТ тавсиясига кўра, бу кўрсаткич 5 мкг/м3 гача бўлиши керак.
Олимлар етти йил давомида 12 минг эркак ва аёлдан иборат гуруҳни кузатди. Уларнинг қондаги қанд миқдори мунтазам текшириб турилган ва бу одамлар яшайдиган ҳудудларда ҳаво сифати назорат қилинган. Натижалар шуни кўрсатдики, атиги бир ой ичида юқори даражадаги PM2.5 ҳавоси билан нафас олиш қондаги қанд миқдорини оширади ва бу жараённинг бир йил ёки ундан кўпроқ давом этиши диабетга олиб келиши мумкин.
Ҳар бир ортиқча 10 мкг/м3 қандли диабетнинг ривожланиш хавфини 22 фоизга оширади.
Маълумотларга кўра, Ҳиндистон аҳолисининг 11,4 фоизи қандли диабетдан азият чекади. Бундан ташқари, касалликка чалинганлар шаҳарларда қишлоқ жойларга нисбатан кўпроқ учрайди.
PM2.5 таркибида сульфатлар, нитратлар, оғир металлар мавжуд. Бу моддалар эндокрин тизими фаолиятини издан чиқариб, инсулин ишлаб чиқаришга ҳалақит беради.