Ғарб ислом оламини ўз душманига айлантирди — Александр Дугин
Бугунги Ғарб ва Исроил — Исо Масиҳ цивилизацияси эмас, улар Дажжол цивилизацияси. Ислом олами уларга қарши курашса бу насронийларга қарши уруш бўлмайди.
SputnikИсроил ва Ғазо секторида бирин-кетин иккита фалокат содир бўлди: ҲАМАСнинг яҳудий давлатига ҳужуми - кўплаб тинч аҳоли қурбонлари ва гаровга олинганлар. Иккинчиси — Исроилнинг Ғазо секторига ўта шафқатсиз ва бир неча баравар кучли жавоб зарбалари. Исроил армиясининг қуруқликдаги операцияси вазиятни янада даҳшатли қилди ва ҳалок бўлганлар, жумладан, болалар, аёллар ва қариялар сони тасаввур қилиб бўлмайдиган даражада кўпайди.
Иккаласи ҳам инсонларнинг табиий ҳуқуқларини қўпол равишда бузиш, инсониятга қарши жиноятдир ва ҳеч қандай асосга эга эмас. Аммо шу билан бирга, Исроил томонидан қўлланилган lex talionis (жон учун жон) тамойили Ғазо сектори аҳолисининг даҳшатли қирғини, ҳақиқий кенг миқёсли геноцидга олиб келди. ҲАМАС террорчилик актини амалга оширди, Исроил эса кенг кўламли геноцид акти билан жавоб берди. Ҳар иккала томон ҳам ўзларини қонун ва сиёсий қарама-қаршилик ҳал қилишнинг инсоний усулларидан ташқарига қўйди.
Аммо кейин геосиёсат бошланади. Исроил жинояти кўлами анча катта бўлса-да, Ғазо секторида содир бўлаётган воқеаларнинг чуқурроқ геосиёсий илдизлари бор. Келинг, уларни алоҳида кўриб чиқайлик.
Айни дамда дунё ўтиш даврини бошдан кечирмоқда. Бугунги кунда, (Совет лагери парчаланганидан кейин пайдо бўлган) бир қутбли дунёдан кўп қутбли дунёга ўтиш даври бошланган. Кўп қутбли дунёнинг қутблари аллақачон кўринмоқда. Булар Россия, Хитой, Ислом олами, Ҳиндистон, Африка ва Лотин Америкаси.
Аслида, уларнинг бари мустақил цивилизациялар. Йоханнесбургда бўлиб ўтган БРИКС саммити барча цивилизацияларни бирлаштирди — Саудия Арабистони, Эрон ва Мисрнинг кириши ислом дунёсининг асосий давлатларининг мавжудлигини англатади, Эфиопия Африка омилини кучайтиради, ва Аргентина — Жанубий Америка мамлакатлари ядросини тўлдиради. Кўп қутбли дунё кун сайин ўз мавқеини мустаҳкамламоқда. Ғарб гегемонлиги заифлашмоқда.
Бироқ, Ғарбнинг глобалист раҳбарияти ва биринчи навбатда, Қўшма Штатлар ҳар қандай ҳолатда ҳам бир қутблиликни сақлаб қолишга интилади ва ўзининг тўлиқ ҳарбий, сиёсий, иқтисодий, маданий ва мафкуравий ҳукмронлигини таъкидлайди.
Бизнинг давримизнинг асосий кураши: бир қутблилик ва кўп қутблилик ўртасидаги қарама-қаршиликнинг кучайиши, жаҳон сиёсатидаги асосий қарама-қаршилик ва жараёнларни ана шу нуқтаи назардан кўриб чиқиш зарур. Бу Украинадаги можарони тушунтириб берувчи суверен Россияни мустақил қутб сифатида қайта тикланадиган кучсизлантириш истаги.
Шу билан бирга, Россия шўролар давридагидек икки қутбдан бири бўла олмаслигини яхши тушунади. Янги цивилизациялар бош кўтармоқда ва Россия уларда ҳақиқий кўп қутбли дунёда тенг иттифоқчилар ва шерикларни кўради. Дунё буни ҳали англаб етмаган, лекин аста-секин кўп қутбли онг ўсиб, мустаҳкамланиб бормоқда.
Худди шу нарса бир қутблилик ва кўп қутблилик ўртасидаги навбатдаги фронт чизиғига айланиши мумкин бўлган Тайван муаммосига ҳам тегишли - бу сафар Тинч океанида.
Аммо Исроилдаги воқеалар, ҲАМАС ҳужуми ва Исроилнинг фаластинликларни геноцид қилиши — янги фронт чизиғини очди. Энди Ғарб Исроилни сўзсиз ва бир томонлама, холисона (Украинада бўлгани каби), Исроил армиясининг Ғазо сектори тинч аҳолисига қарши амалга оширган очиқ-ойдин жиноятларига қарамай, қўллаб-қувватлаш орқали — бутун ислом олами билан қарама-қаршилик босқичига кирди.
Шундай қилиб, яна бир қутб – исломий қутб майдонга чиқди. Исроилнинг Ғазо сектори ва қолган Фаластин ҳудудларида қилаётган ишлари ва маҳаллий аҳоли ўз ерларида геттолар ва резервацияларга айланган Фаластин аҳолисига нисбатан ўтмишдаги адолатсизликларни ҳисобга олган ҳолда, ислом олами ўз бирлигини ҳис қилмаслиги мумкин эмас.
Фаластин масаласи бугунги кунда суннийлар, шиалар, турклар, эронликлар ва Яман, Сурия, Ироқ ёки Ливиядаги ички можароларнинг барча қарама-қарши томонларини бирлаштиради.
Бу Покистон ва Индонезия, Малайзия ва Бангладешдаги мусулмонларга бевосита таъсир қилади. Бу АҚШ ва Европа, Россия ёки Африкада яшовчи мусулмонларни бефарқ қолдирмайди. Ва, албатта, Ғазо ва Ғарбий Соҳилдаги фаластинликлар, сиёсий келишмовчиликларга қарамай, бугун ўз қадр-қиммати учун курашда бирлашган.
Сўнгги ўн йилликларда Қўшма Штатлар Фаластин масаласи атрофида мусулмонларнинг бирлашишини юмшатиб, уларни гуруҳларга бўлиб, куч ва айёрлик билан Исроил билан муносабатларни нормаллаштиришга мажбурлашга муваффақ бўлган эди. Аммо бу сиёсатнинг барчаси сўнгги бир ой ичида пучга чиқди. Исроилни Ғазо секторида бутун инсоният олдида амалга оширган ишларидан кейин ҳам аниқ қўллаб-қувватлаш ислом оламини ички қарама-қаршиликларни енгиб ўтишга ва Ғарб билан тўғридан-тўғри қарама-қаршиликка киришга мажбур қилади.
Исроил, худди Украина каби, Ғарб гегемонлиги воситасидир — такаббур ва шафқатсиз, ҳар қандай жиноят, ирқчиликка қорилган нутқлар ва ҳаракатларни амалга оширишдан тоймайдиган. Лекин улар муаммонинг энг каттаси эмас. Улар шунчаки геосиёсатнинг асбоблари — бир қутбли дунёнинг геосиёсий воситаси.
Яқинда Россия президенти Ғарб ўргимчак мисоли бутун дунё бўйлаб адоват ва нифоқ тўрини тўқиётгани ҳақида гапирганда, айнан шу нарсани таъкидлаган эди. У, хусусан, глобалистлар ва уларнинг мустамлакачиларнинг "бўл ва забт эт" тактикасини назарда тутган эди. Аммо бир қутбли дунёни ва Ғарб гегемонлигини сақлаб қолишга астойдил ҳаракат қилаётганлар стратегиясининг моҳиятини тушунсак, унга қарши курашишнинг муқобил моделини онгли равишда қуришимиз, кўп қутбли дунёни яратиш сари ишонч билан биргаликда ҳаракат қилишимиз мумкин.
Ғазо сектори ва бутун Фаластиндаги можаро — ислом цивилизацияси олдига қўйилган тўғридан-тўғри чақириқдир. Фақат бирор муайян халқлар ёки барча араблар эмас, аслида Ғарб, бутун Ислом дунёси билан урушга киришди.
Буни деярли барча раҳбарлар жуда яхши тушунади: Салмон бин Абдулазиз Ал Сауддан тортиб Эрдўғонгача, Оятуллоҳ Хоманаийдан Покистон раҳбариятигача, Тунисдан Баҳрайнгача, салафий ва ваҳҳобийлардан тортиб шиа ва сўфийларгача. Фаластиннинг ўзида, Сурия, Ливия, Ливан, шиалар ва суннийлар сиёсий мухолифлари энди ўз қадр-қимматини ҳимоя қилишлари, мусулмонлар мустақил суверен цивилизация эканлигини исботлашлари керак.
Эрдўғон Ғарбни жиҳод билан қўрқитиб, Салиб юришларини эслади. Лекин бу таққослаш вазиятга мутлақ мос келмайди, чунки замонавий глобалистик Ғарбнинг насроний цивилизацияси билан ҳеч қандай умумийлиги йўқ. Кўп асрлар олдин Ғарб христиан маданияти билан алоқаларини узиб, материализм, атеизм ва индивидуализм тарафига ўтиб кетган эди.
Насронийликнинг фақат моддий манфаат, ўз фойдасини кўзлаш, бузуқликни қонунийлаштиришга ва касалликни норма деб эълон қилиш ҳамда инсондан кейинги даврни тан олишга тайёр бўлишга ҳеч қандай алоқаси йўқ.
Замонавий Ғарб насронийликка қарши ҳодиса бўлиб, унинг ичида ёки ташқарисида ҳеч қандай хоч йўқ. Боз устига Исроил — яҳудий ва дунёвий давлат бўлиб, насронийликдан янада узоқроқ. Шундай қилиб, агар мусулмон олами Ғарб билан тўқнашса, у Исо Масиҳнинг цивилизацияси билан эмас, балки Антихрист ёки Дажжол цивилизациясига қарши курашган бўлади.
Александр Дугин — россиялик файласуф, сиёсатчи, ёзувчи ва таржимон, Катта Евроосиё ғояси тарафдори.