ТОШКЕНТ, 7 ноя — Sputnik. Хитой компанияси Фарғона вилоятига қурилиш соҳасида инвестиция киритади. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Цзян Юнцян бошчилигидаги Хитойнинг "Shanxi construction engineering" компаниялар гуруҳи вакилларини қабул қилди.
Учрашувда Хитой компанияси инвестициялари ҳисобига Фарғона шаҳрида барпо этилаётган Экошаҳар ҳудудида 10 та 12 қаватли турар жой биноларидан иборат мажмуа қуриш лойиҳаси муҳокама қилинди.
Цзян Юнцян бу биноларни барпо этиш лойиҳаси муваффақиятли амалга ошиши ортидан вилоятда қурилиш соҳасидаги янада йирик лойиҳаларга киришишга тайёр эканликларини билдирди.
“Хитойнинг энг яхши 80 пудратчи корхонаси” рўйхатига киритилган "Shanxi construction engineering" Фарғонада барпо этиладиган турар жойларда Хитой лойиҳасозлигининг энг яхши ютуқларини маҳаллий архитектура билан уйғунлаштирган ҳолда татбиқ этишни режалаштирмоқда.
Маълумот учун, Хитойнинг бошқа бир компанияси – “Хуэйженши” раҳбарлари ҳам яқинда Фарғона вилояти ҳокими қабулида бўлиб, Экошаҳар ҳудудида турар-жой мажмуаси барпо этиш бўйича ўз лойиҳаларини тақдим этганди.