Ўзбекистонда 20 мингдан ортиқ ходим касб касалликлари бўйича тиббий кўрикдан ўтказилди

Тиббий кўриклар асосида 9800 та ишчи-ходимга ишга яроқлилик экспертиза хулосалари берилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 7 ноя — Sputnik. Санитария-гигиена ва касб касалликлари илмий тадқиқот институти томонидан 20 000 дан ортиқ ходимлар даврий тиббий кўрикдан ўтказилди. Бу хақида Санэпидқўмита матбуот хизмати раҳбари Мафтуна Саидова Sputnik мухбирига маълум қилди.
Зарарли ва ҳавфли омиллар таъсирида фаолият олиб борган 80 дан ортиқ асосий ишлаб чиқариш корхоналарининг ишчилари тиббий кўрикдан ўтказилди.
Сўнги бир йилдаги ўтказилган тиббий кўриклар хулосалари асосида:
9800 та ишчи-ходимга (98%) ишга яроқлилик экспертиза ҳулосалари берилди;
42% текширилганларга зарур даволаш ва соғломлаштириш тадбирлари режалаштирилди;
2% стационар, 4% санаторий-курортларда даволаниш учун юбориш, 4116 та ишчига шифокор назоратида бўлиш, 290 та ишчига соғлиғи холатига кўра енгил ёки хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омилларининг таъсиридан ҳоли бўлган бошқа ишга вақтинча ўтказиш бўйича тавсиялар берилди.
Республикада касб касалликларини олдини олиш икки йўналишда олиб борилмоқда:
меҳнат шароитларини муҳофаза қилиш ва яхшилаш;
тиббий профилактик ёрдам кўрсатиш.
Тиббий кўрик жараёнларида Санитария-гигиена ва касб касалликлари илмий тадқиқот институти томонидан “Олмалиқ кон металлургия комбинати” АЖ га қарашли, Чодак кон бошқармаси, Хондиза кон бошқармаси, Чирчиқ шахридаги Нодир металлар ва қаттиқ қотишмалар ишлаб чиқариш бирлашмаси, Шеробод цемент заводи, Бектемир металл заводи, Тошкент металл заводи, Логистика хизмати ташкилотлари, ООО АКFА FOOD ва бошқа ташкилотларнинг ходимлари қатнашган.
Мутахассиснинг сўзларига кўра, касб касаллиги тасдиқланган беморлар Санитария, гигиена ва касб касалликлари илмий тадқиқот институти клиникасида диспансер назоратида туради.
"Улар давлат томонидан ҳимояланган беморлар гуруҳига киради ва клиникада ҳар йили бепул даволаниш, текшириш ва реабилитация ҳуқуқига эга", — дея қўшимча қилди Саидова.
Касб касалликлари клиникаси республикадаги ягона ихтисослаштирилган клиника бўлиб, 100 ўринга эга. Унда ҳар йили республиканинг барча ҳудудларидан 3 мингдан ортиқ бемор даволаниш ва реабилитациядан, 33 мингдан ортиқ бемор эса амбулатор шароитида текширувдан ўтказилади.