ТОШКЕНТ, 7 ноя — Sputnik. Олмалиқ кон-металлургия комбинати (ОКМК) олимлари ва мутахассисларининг навбатдаги кашфиётига ихтиро патенти берилди. Бу ҳақда комбинат ахборот хизмати хабар берди.
ОКМКда илк бор нанотехнологиялар бўйича патент олинди
© АГМК
“Қаттиқ қотишмаларга қўшиш учун вольфрам нано кукунини олиш усулига тақдим этилган ушбу патент 100 фоиз ОКМКга тегишли”, - дейилади хабарда.
Таъкидланишича, ушбу усул кукун металлургиясида, нанокукунларни олиш ва қўллашда фойдаланилади. Мазкур усул орқали қаттиқ қотишмалар ишлаб чиқариш жараёнида қотишманинг мустаҳкамлиги 16 фоизга оширилади.
Қаттиқ қотишмаларда энг оғир ҳолатдаги параметр бу мустаҳкамлик бўлиб, янги ихтиро юклама (босим остида) қотишмани синиб кетмаслигини олдини олади. Нанокукунлар қотишма ишлаб чиқаришда рекристаллизация жараёнида фаол қатнашиб, зич материалларни ишлаб чиқаришда қўлланилади.
Ҳозирда ушбу ихтиро ОКМКнинг Чирчиқ шаҳридаги таркибий бўлинмасида қаттиқ қотишмалар ишлаб чиқаришда қўлланилмоқда.