ТОШКЕНТ, 7 ноя – Sputnik. Москва Жоме масжидида 8 ноябрь куни халқаро қорилар танлови бошланади, деб хабар берди Россия Муфтийлар Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Рушан Аббясов. РИА Новости хабарига асосан.
“Чоршанба куни "Собор" масжидида очиладиган халқаро мусобақада 30 дан ортиқ давлат вакиллари иштирок этади. Улар орасида Бирлашган Араб Амирликлари, Саудия Арабистони, Қатар, Кувайт, Эрон, Туркия ва бошқа мамлакатлардан энг кучли Қуръон ўқувчилар йиғилади. Бу йилги Қуръон тиловати танлови "Ҳифз" (Қуръони Карим матнларини ёддан ўқиш) номинацияси бўйича бўлиб ўтади. Иштирокчиларнинг ўзидан ташқари Россия пойтахтига араб-мусулмон давлатларидан муфтийлар ва нуфузли олимлар ҳайъат таркибида ишлаш учун етиб келишди”. — деди Абясов.
Дин арбоби Қуръон тиловати мусобақасида хорижлик иштирокчилар билан бир қаторда россияликлар ҳам иштирок этишини таъкидлади.
"Йигитларимиз бир неча марта халқаро мусобақалар ғолиби бўлишди. Бизда ёш, аммо кучли Қуръон қорилари мактаби бор. Йигитларимиз эса бошқа мамлакатлардан келган диндошлар билан беллашадилар. Биз хайрли ишларда беллашамиз. Бу ерга йиғилган ҳаммани ғолиб деб айтиш мумкин”, — дея қўшимча қилди Аббясов.
Россия Муфтийлар кенгаши раисининг биринчи ўринбосари танловнинг асосий қисми 8-9 ноябрь кунлари Москва Жоме масжидида бўлиб ўтишини таъкидлади.
“Лойиҳа якунларини сарҳисоб қилар эканмиз, Қуръон китобхонларининг ХХI Москва халқаро танловининг тантанали маросими ва ғолибларни тақдирлаш маросими якшанба куни "Космос" меҳмонхонасининг концерт залида Россия муфтийси Равил Ғайнутдин иштирокида бўлиб ўтади”, - дея хулоса қилди Аббясов.