1,2 млн камбағал оила “Онлайн маҳалла” платформасига киритилди — вазирлик

Ўзбекистонда йил якунига қадар 127 500 оила камбағалликдан чиқарилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 7 ноя — Sputnik. 1,2 млн камбағал оила “Онлайн маҳалла” электрон платформасига киритилди, деди АОКАда ўтказилган брифингда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Фахриддин Ҳайитов.
"1 млн. 200 минг камбағал оилалар рўйхати шакллантирилиб, “Онлайн маҳалла” электрон платформасига киритилди. Ҳоким ёрдамчилари томонидан ҳар бир оилани камбағалликдан чиқариш бўйича индивидуал дастурлар ишлаб чиқилиб, “Онлайн маҳалла” платформасига жойлаштирилди", - дейилади хабарда.
Ҳайитовнинг айтишига кўра, йил якунига қадар Ўзбекистонда 127 минг 500 та оила камбағалликдан чиқарилади.
Анжуманда маълум қилинишича, бу ишлар республикада камбағалликни қисқартириш режасига мувофиқ “Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида амалга оширилмоқда.