ТОШКЕНТ, 06 ноя — Sputnik. Ноябрь ойи охирида Минск шаҳрида “МДҲ давлатларининг тил сиёсати” III Халқаро конгресси бўлиб ўтади. Унда ўзбек тили ва маданияти соҳасида тадқиқот ва иш олиб бораётган Ўзбекистон ва Россия олимлари иштирок этади. Бу ҳақда Sputnik Ўзбекистон мухбирига Москва давлат лингвистика университети қошидаги Ўзбек тили марказида маълум қилди.
Минск шаҳрида 27-29 ноябрь кунлари “МДҲ давлатларининг тил сиёсати” халқаро конгресси бўлиб ўтади. Тадбир МДҲда тил ҳолатини уйғунлаштириш амалиётлари мавзусига бағишланади.
Учрашув иштирокчилари Ҳамдўстликдаги тил билан боғлиқ вазиятни таҳлил қилади, кўп тилли, кўп маданиятли ва кўп конфессияли давлатдаги вазиятни уйғунлаштириш бўйича мавжуд амалиётлар ва мақбул ёндашувлар самарадорлигини муҳокама қилади.
Конгрессда Ўзбекистон номидан саккиз киши қатнашади. Тадқиқотчиларнинг бир қисми ҳозир Россияда яшаб, ўзбек маданияти ва тилшунослиги соҳасида фаолият олиб бормоқда.
Улар орасида Москва давлат лингвистика университетининг Ўзбек тили маркази раҳбари Бегам Қораева, "Синергия" Москва молия-саноат университети ўқитувчиси, сиёсатшунос Азат Примов, Рязан “Алмаз” ўзбек миллий-маданий мухторияти раҳбари Зулайҳо Қодирова, Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциациясининг Москва ва Москва вилояти бўйича координатори Давлатжон Тожибоев, Москва давлат лингвистика университети магистранти Нигора Туребаевалар бор.
Яна уч нафар иштирокчи Ўзбекистон олий ўқув юртлари вакиллари: Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетидан Дилфуза Тешабаева ва Зилола Салишева ҳамда Алишер Навоий номидаги Тошкент ўзбек тили ва адабиёти университетидан Наргиза Мусулмонова.
Конгрессда ўзбек олимлари Ўзбекистондан келган муҳожирлар шеърияти, республика медиа маконидаги янги лингвистик воқеликлар, ўзбек тили ва маданиятини оммалаштириш, туркий тилларнинг рус тили салоҳиятини оширишга қўшган ҳиссаси, шунингдек, тил ўргатиш усуллари ва воситалари ҳақида сўз юритишади.