ТОШКЕНТ, 3 ноя — Sputnik. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Тошкент шаҳри Яшнобод туманида содир бўлган ёнғин тўғрисида расмий маълумот берди.
Маълум қилинишича, бугун, 3 ноябрь куни, соат 10:40 да Яшнобод тумани Жарқўрғон 3-берк кўчаси 163-уйда жойлашган ишлаб чиқариш корхонасида ёнғин бўлаётганлиги тўғрисида ФВБга хабар тушган.
Шунга кўра 8 та ёнғин-қутқарув экипажи ҳодиса рўй берган ҳудудга соат 10:45 да етиб борган. Соат 11:24 да ёнғин қуршаб олинган ва соат 11:54 батамом ўчирилган.
“Ёнғин оқибатида фуқароларни куйиш тан-жарохати олиш ва ҳалок бўлиш ҳолатлари тўғрисида хабар келиб тушмади”, - дейилган хабарда.
Воқеа жойига шаҳар ва туман ФВБ раҳбар ходимлари чиққан.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳри Яшнобод туманида йирик ёнғин содир бўлгани хабар қилинган эди.