ТОШКЕНТ, 3 ноя — Sputnik. Сурхондарёда 4 та археология ёдгорлигига 7 миллиард сўмлик зарар етказилганлиги ҳолати юзасидан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.
Прокуратура органлари томонидан Маданий мерос агентлиги билан ҳамкорликда тарихий ёдгорликларни муҳофаза қилишга қаратилган тизимли назорат тадбирлари ўтказиб келинмоқда.
Мазкур тадбирларда Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида 4 та археология ёдгорлигига 7 млрд. сўмлик зарар етказилганлиги аниқланди.
Хусусан:
мил. авв. V–I асрларга оид “Таллаган тепа” ёдгорлигининг 40 м2 қисми кесиб олиниб, автомобиль йўли ўтказилиши оқибатида 888 млн. сўмлик;
V–VIII асрларга оид “Ғўринтепа” ёдгорлигининг 200 м2 қисми бузилиб, уй-жойлар қуриб юборилиши оқибатида 4,7 млрд. сўмлик;
I–IV асрларга оид “Хушвақтепа” ёдгорлигининг 12 м2 қисми кесиб олиниб, ҳожатхона қурилганлиги оқибатида 266 млн. сўмлик;
V–VII асрларга оид “Тоштепа” ёдгорлигининг 56 м2 тупроқлари кесиб олиниб, молхона қурилганлиги оқибатида 1,2 млрд. сўмлик зарар етказилган.
Аниқланган ҳолат юзасидан туман ҳокимлиги мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Назорат тадбирлари давом эттирилмоқда.