Ўзбекистонда яшаш учун энг қулай шаҳарлар рейтинги эълон қилинди

Рўйхатнинг энг қуйи бешталигидан Бекобод, Хонобод, Янгиер, Оҳангарон ҳамда Қувасой шаҳарлари жой олган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 3 ноя — Sputnik. Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти Ўзбекистонда яшаш учун энг қулай шаҳарлар рейтингини тузди.
Индексни шакллантиришда таълим, соғлиқни сақлаш, инфратузилма, барқарорлик, маданият ва атроф-муҳит йўналишларидаги жами 27 та миқдорий ҳамда сифат кўрсаткичларидан фойдаланилган.
Рейтинг аҳоли сони 40 минг кишидан ортиқ бўлган республиканинг 30 та шаҳри учун ишлаб чиқилди.
Унга кўра, пойтахт Тошкент шаҳри Ўзбекистондаги яшаш учун энг қулай шаҳар сифатида қайд этилган. Шаҳар 100 баллик тизимда 79,1 баллга баҳоланган.
Рейтинг
Урганч (76 балл), Бухоро (75,4 балл) Самарқанд (70,6 балл) ва Навоий (68,1 балл) шаҳарлари кейинги ўринларни банд этган.
Рўйхатнинг энг қуйи бешталигидан Бекобод (35,3), Хонобод (35,3), Янгиер (33,5), Оҳангарон (32,9) ҳамда Қувасой (26,4) шаҳарлари жой олган.
Рейтинг бўйича яшаш қулай топ-10 шаҳарларнинг барчаси вилоят марказлари ҳисобланиб, рейтингда ушбу шаҳарларга рейтинг поғоналари бўйича энг яқин Қўқон (13-ўрин), Хива (14-ўрин) ва Чирчиқ (16-ўрин) каби номарказий ҳудудий бирликлар жойлашди.
Йўналишлар кесимида етакчи шаҳарлар:
Таълим ҳамда тиббиёт: Бухоро, Гулистон ва Урганч;
Инфратузилма: Урганч, Навоий ва Тошкент;
Ижтимоий-иқтисодий барқарорлик: Тошкент, Урганч ва Гулистон;
Маданият ва атроф-муҳит: Тошкент, Бухоро ва Самарқанд.
Ижтимоий-иқтисодий барқарорлик кўрсаткичида миграция оқимидаги аҳоли сони, тузилган никоҳлар ва ажримлар, тадбиркорлар, хизматлар ва чакана савдо айланмаси инобатга олинган.
Соғлиқни сақлаш кўрсаткичи койкалар, тиббиёт ходимлари, 1 ёшгача бўлган болалар ўлими кабилар бўйича тузилган бўлса, таълим йўналиши мактабгача таълим қамрови, ўқувчи (талаба)лар сони, нодавлат умумий ўрта таълимдан фойдаланиш имкониятлари, ОТМга киришдаги ўртача тўпланган баллар ҳисобга олинган.
Маданият ва атроф-муҳит кўрсаткичи ифлослантирувчи моддалар, меҳмонхоналардаги ўринлар, дам олиш масканлари ва санаторийлар, туроператорлар, театр ва кинотеатрлар, архитектура ёдгорликлари ва диққатга сазовор жойлар сони бўйича тузилган.
Инфратузилма кўрсаткичида ичимлик суви, табиий газ билан таъминланганлик, темирйўл, ҳаво транспортидан фойдаланиш имконияти ҳамда овқатланиш, савдо объектлари сони инобатга олинган.
Таъкидланишича, рейтингни амалиётга жорий этиш натижасида республика шаҳарларининг умумий ҳолатини бир неча йўналишлар бўйича доимий мониторинг қилиб бориш имкони яратилади.
Уни такомиллаштириш доирасида ҳар бир йўналиш бўйича мавжуд муаммоли соҳалар аниқланиб, уларни бартараф этиш ҳамда келгусидаги иқтисодий ривожланишга тўсиқ бўлувчи омилларни камайтириш мумкин