Фаластин халқи мустақил давлат барпо этиш ҳуқуқига эга — Мирзиёев

Биз ташкилотимиз доирасида бу борада якдил ва қатъий позицияни бугун дунёга эълон қилишимиз зарур, деди президент.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 3 ноя — Sputnik. Фаластин-Исроил муаммосининг ягона ва энг адолатли ечими – низони “икки халқ учун икки давлат” тамойили асосида ҳал этишдир. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Остонада ўтказилаётган Туркий давлатлар ташкилоти саммитидаги нутқида таъкидлади.
“Бугунги кунда жаҳон миқёсида ишонч инқирози тобора авж олмоқда. Глобал хавфсизликни таъминлашда янги муаммолар юзага келмоқда ва халқаро ҳуқуқ меъёрларидан чекиниш ҳолатлари кучаймоқда. Айниқса Яқин Шарқда узоқ вақтдан буён давом этаётган Исроил–Фаластин муаммосининг ниҳоятда хавфли тус олгани барчамизни жиддий хавотирга солмоқда. Мазкур муаммонинг ягона ва энг адолатли ечими низони “икки халқ учун икки давлат” тамойили асосида ҳал этишдир”, - деди Мирзиёев.
Мирзиёевнинг сўзларига кўра, Фаластин халқи БМТ Резолюцияларида белгиланганидек мустақил давлат барпо этиш ҳуқуқига эга.
“Биз ташкилотимиз доирасида бу борада якдил ва қатъий позицияни бугун дунёга эълон қилишимиз зарур”, - деди президент.