ТОШКЕНТ, 2 ноя — Sputnik. Америкалик тадбиркор ва миллиардер Илон Маск Киев можарода ғалаба қозона олмаслиги, Украина президенти Владимир Зеленский эса жанг майдонидаги мағлубиятини тан олмаётгани ҳақидаги фикрга қўшилди.
“Афсуски, бу таҳлил тўғри”, - дея муносабат билдирди Маск бизнесмен Дэвид Сакснинг X ижтимоий тармоғида “The Time” журналининг Зеленский ҳақидаги мақоласини таҳлил қилиб ёзган постига.
“Бу (мақоладаги манбалар маълумоти) Украина можарода ғолиб бўла олмаслигини тасдиқламоқда. Боз устига, мақола муаллифи Зеленскийни унинг жанг майдонидаги воқеликни тан олиш қобилияти йўқлиги ва Россия билан тинчлик музокараларини кўриб чиқиш хоҳиши йўқлиги учун “воқеликдан узоқлашган” киши сифатида таърифлайди. Украинанинг ҳарбий мақсадларини амалга оширишнинг имкони йўқ”, - деб ёзган Сакс.
Аввалроқ Маск Ғарб мамлакатлари Россия билан можарода украинларни беҳуда қурбон қилишни бас қилиши, можаронинг тинч йўл билан ҳал қилиш ечимини топиши ва Москва билан яхши муносабатларни қайта тиклаши зарурлигини маълум қилган эди.
Саймон Шустер “The Time” журнали учун Зеленский атрофидаги кишилар сўзларига таянган ҳолда ёзган мақоласида Украина президенти Украина армиясининг мағлубиятларини кўрмай, ўзини ўзи алдаётганини маълум қилган эди.