ТОШКЕНТ, 1 ноя — Sputnik. Ўзбекистон футбол ассоциацияси Осиёда тенгсиз деб топилди, дея хабар берди Ассоциация матбуот хизмати.
Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида Осиё футбол конфедерациясининг (ОФК) “AFC Annual Awards” йилнинг энг яхшиларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон футбол ассоциацияси “Йилнинг энг яхши футбол ассоциацияси” номинациясида ғолибликни қўлга киритди.
Ўтган давр мобайнида Ўзбекистон Осиёнинг турли футбол тадбирларига мезбонлик қилди ҳамда ўзаро лойиҳаларни амалга оширди. Хусусан, тарихда илк бор U-23 ва U-20 Осиё чемпионатлари, шунингдек, ОФКга аъзо ассоциациялар президентлари ва бош котиблари конференцияси мамлакатда ўтказилди.
Қитъа миқёсидаги турли саралаш баҳслари, клублар ўртасидаги турнирлар, аёллар футболи, CAFA мусобақаларида ЎФА фаоллик кўрсатди.
“Ушбу саъй-ҳаракатлар ОФК томонидан муносиб эътироф этилди”, — дейилади хабарда.
Қайд этилишича, мазкур номинацияда Эрон футбол федерацияси ва Япония футбол ассоциацияси номзодлари кўрсатилган.